ЎзА Ўзбек

17.05.2019 Чоп этиш версияси

Иссиқ-кўл(Балиқчи)га мавсумий йўналишлар очилмоқда

Иссиқ-кўл(Балиқчи)га мавсумий йўналишлар очилмоқда

Жорий йил 6 июндан бошлаб мавсумий Тошкент – Бишкек – Балиқчи (Иссиқ-кўл) йўналишида халқаро йўловчи поездлар қатнови йўлга қўйилади.

Ўзбекистон ва Қирғизистон давлатлари ўртасида сайёҳликни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган поезд ҳафтанинг ҳар пайшанба куни Тошкент-Марказий вокзалидан кечки соат 20:50да йўлга чиқиб, Қозоғистон ҳудуди орқали ҳаракатланади ва жума куни кечки 20:29да Балиқчи вокзалига етиб боради. Иссиқ-кўлдан шанба куни соат 01:59да ҳаракатланган поезд Тошкент шаҳрига якшанба куни соат 05:00да етиб келади.

Халқаро қатнов Ўзбекистоннинг «Салар», «Чуқурсой», «Келес», Қозоғистоннинг «Сариағач», «Арис-1», «Чимкент», «Манкент», «Тюлкубас», «Абаил», «Бурноэ», «Жамбул», «Луговая» ҳамда Қирғизистоннинг «Мерке», «Чалвадор», «Қаинди», «Қораболта», «Беловодск», «Тўқмоқ» станциялари, Бишкек-2 ва Балиқчи вокзали орқали амалга оширилади.

Таъкидлаш жоиз, Тошкент – Бишкек – Балиқчи (Иссиқ-кўл) йўналишида халқаро йўловчи поездида йўловчилар учун барча шарт-шароит яратилган. Вагонлар шинам ва ёруғ, совутиш тизимлари билан жиҳозланган. Ресторан вагонда сайёҳлар ва йўловчилар учун салқин ичимликлар мавжуд бўлиб, тансиқ таомлар ҳам тайёрланади.

Изоҳ: Қўшимча маълумотларни Тошкент шаҳридаги 1005 қисқа телефон рақами, жойлардаги темир йўл кассалари ҳамда маълумотлар бюросидан билиб олишингиз мумкин.

4 250
ЎзА