ЎзА Ўзбек

11.01.2019 19:37 Чоп этиш версияси

Исроилнинг ривожланиш тажрибаси Ўзбекистонга ҳам жорий этилади

Исроилнинг ривожланиш тажрибаси Ўзбекистонга ҳам жорий этилади Инновацион ривожланиш вазирлигида Исроилнинг “TecTum” компанияси ижрочи директори Ротем Ганц ва Исроил-Ўзбек савдо палатасининг Бош директори Сари Цви билан учрашув бўлиб ўтди. Меҳмонларни Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов қабул қилди.

“TecTum” компанияси тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида кичик ва ўрта бизнес эҳтиёжларини, муаммоларни ва технологик камчиликларни инобатга олган ҳолда муниципал ва маҳаллий шериклар билан ҳамкорлик қилади.

Компания технологик таҳлил ва тадқиқотлардан фойдаланиб, бизнеснинг энг муҳим эҳтиёжларини белгиловчи ўсиш секторларини яратиш учун экотизимнинг энг муҳим иштирокчилари, жумладан, маҳаллий ва федерал ҳукумат вакиллари, нотижорат ташкилотлари билан биргаликда ўз фаолиятини олиб боради.

Кўп йиллар давомида компания Исроил экотизимининг уч устунини ˗ методология, технология, инфратузилмани аниқлаш бўйича тадқиқотлар ўтказиб келмоқда. Эндиликда уларни бошқа давлатларга ҳам татбиқ этиш орқали мамлакатлараро муносабатларни янада мустаҳкамлашга киришмоқда.

˗ Исроил билан Ўзбекистоннинг ўхшаш томонлари бисёр, ˗ деди Ротем Ганц. ˗ Дейлик, ҳар икки мамлакатда сув танқислиги мавжуд. Исроил қисқа муддатда илғор технологиялар орқали ўз иқтисодини тиклаб олди, дунёдаги инновацияларни турли соҳаларга татбиқ қилиш орқали ривожланган мамлакатлар қаторига қўшилди. Ўйлайманки, Ўзбекистонга ҳам Исроил тажрибасини жорий қилиш орқали турли соҳаларда муваффақиятларга эришиш мумкин. Исроиллик инвесторларни Ўзбекистондаги муайян соҳа вакиллари билан ҳамкорлиги, ривожланган мамлакатларда ижобий натижалар берган технологияларни трансфер қилиш орқали юртингиз ривожланишига ҳисса қўшишга умид қиламиз.

Музокаралар давомида республикамиз қишлоқ хўжалиги ва саноатидаги мавжуд муаммоларни Исроил компаниялари иштирокида ҳал қилиш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари унумдорлигини, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш мақсадида мавжуд камчиликлар, муаммоларни аниқлаш, уларни таҳлил қилиш ва ечиш режасини ишлаб чиқиш зарурияти бугунги кун талаби эканлиги қайд этилди.

photo5314368683126139357.jpg


ЎзА
4 711