ЎзА Ўзбек

03.08.2018 11:35 Чоп этиш версияси

Ҳисоб-китоблар юритилишда аниқлик, шаффофлик керак

Ҳисоб-китоблар юритилишда аниқлик, шаффофлик керак
“Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш ва юритиш” номли услубий қўлланма кенг оммага тақдим этилди.

Ҳеч кимга сир эмаски, бугунги кунда фермер ва деҳқон хўжаликларида бухгалтерия ҳисоб-китоб юритилишида маълумотларни умумлаштириш, белгиланган меъёр ва нормалар асосида олиб борилиши, уларнинг шаффофлигини таъминлашда англашилмовчиликлар ҳамда камчиликларни кузатиш мумкин.

Президентимизнинг 2018 йил 2 июлдаги “Фермер хўжаликларида ҳисоб тизимини тубдан яхшилаш ва уларга банк хизматлари кўрсатишни такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам айни шу жиҳатларни эътиборга олиниб қабул қилинди.

Мазкур ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши, аввало, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритишда аниқ механизимлар асосида ишни ташкил этишга, молия бозорида иқтисодий таомилларга тўла жавоб берадиган амалий натижаларни ўзида қамраб олганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари ҳузурида Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш марказларини ташкил этиш кўрсатиб ўтилган.

Ушбу марказ орқали фермер хўжаликлари бўйича бухгалтерия ҳисобини юритиш, фермер хўжаликлари ишчиларига иш ҳақи ва ундан мажбурий ажратмалар ҳисоблаш, мавсум якуни бўйича фермер хўжаликларининг асосий воситалари, товар-моддий захиралари, пул маблағлари, дебиторлик ва кредиторлик қарзларини инвентаризациядан ўтказиш, солиқлар бўйича ҳисоб-китоблар, солиқ органлари билан қарздорлик бўйича солиштирма далолатномаларини тузиш ҳамда солиқ ва бошқа мажбурий тўловларнинг ўз вақтида тўланишини ташкил этиш, молиявий ва статистика ҳисоботларини тузиш ва уларнинг тегишли органларга тақдим этилишини таъминлаш ҳамда фермер хўжалигининг йил якунига кўра, даромадлари ва харажатларини таҳлил қилиш ва кейинги йилга бизнес режа тузишда амалий ёрдам бериш вазифалари белгилаб қўйилган.

Фермер, деҳқон хўжаликларида, қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқларида ҳам бухгалтерия ҳисоб-китоб юритилишининг аниқ механизимларни ҳаётга татбиқ этиш борасида Республикамизнинг илмий муассасалари ва қишлоқ хўжалиги ихтисослигидаги идоралар ҳамкорлигида илмий анжуман, давра-суҳбатлари ўтказилмоқдаки, бу эса миришкорлар учун ҳисоб-китобларни ҳам ҳуқуқий, ҳам бухгалтерия нормалар асосида олиб борилиши ҳамда амалий ва назарий билимлар уйғунлигида илмий маъруза, услубий қўлланмаларнинг яратилишига ҳам замин бўлмоқда.

Жумладан, шу каби амалий натижалар асосида Ч.Ризаев ва Н.Жиянов ҳаммуаллифликда “Фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш ва юритиш” номли услубий қўлланма фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини, молиялаштиришни юритиш ҳамда бошқаришни ҳисобга олишда амалиётчи бухгалтерлар, иқтисодчилар ва фермер хўжаликлари раҳбарлари томонидан ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланишга мўлжаллаб кенг оммага тақдим этилди.

Қўлланмада фермер хўжаликларида бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш ва уни амалда қўллаш бўйича тавсиялар берилиши билан бирга, бугунги кунда амалиёт ва назариянинг бир-бири билан чамбарчас боғлиқлик томонлари эътиборга олиниб, таҳлил этилган. Шунингдек, аграр тармоқни янада ривожлантириш борасида ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларнинг соҳага татбиқ этиш борасида олиб борилаётган амалий ишлар тўғрисида ҳам тўхталиб ўтилган. 

Хулоса ўринда айтиш мумкинки, қишлоқ хўжалиги тармоғини ривожлантириш ва шу орқали халқимиз турмиш фаровонлигини ошириш, уларнинг сархил мева-сабзавот маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, экспорт салоҳиятини яхшилаш борасида олиб борилаётган амалий саъй-ҳаракатлар ҳам албатта, аниқ бухгалтерия ҳисоб-китоблар юритилиши орқали ҳаётга татбиқ этилишида асосий мезонлардан бири ҳисобланади.

Нажибудин Жиянов

ЎзА
10 956