ЎзА Ўзбек

18.10.2012 21:57 Чоп этиш версияси

Ислоҳотлар самарасининг ёрқин намунаси

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган ва 17-18 октябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган VIII Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси буни яна бир бор тасдиқлади

Ярмарка якунлари бўйича қарийб 670 минг тонна Ўзбекистон пахта толасини сотиб олиш бўйича шартномалар имзоланди ва мамлакатимиз тўқимачилик корхоналарининг маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича қиймати 600 миллион АҚШ долларидан зиёд ҳажмдаги шартномалар тузилди. Ярмарка ниҳоясига етган бўлса-да, шартномалар тузиш ишлари давом этмоқда. Негаки, Ўзбекистонда етиштирилган пахта ва ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик маҳсулотларига жаҳон бозорида талаб катта.

VIII Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси доирасида бўлиб ўтган халқаро конференцияда турли мамлакатларнинг пахтачилик ва тўқимачилик саноати вакиллари, трейдерлар ушбу тармоқларни ривожлантириш тенденциялари, жаҳон бозорларида уларнинг маҳсулотларига бўлган талаб, таклиф ва нархларнинг ўзгариб туришини муҳокама этди, Ўзбекистонда пахта ҳамда тўқимачилик комплексининг қуввати ва салоҳиятини ошириш бўйича амалга оширилаётган сиёсат билан батафсил танишди.

Ўзбекистонда пахта ва тўқимачилик комплекси жадал ривожланмоқда. Бугунги кунда ушбу комплекс мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотига катта ҳисса қўшмоқда ва экспорт таркибида салмоқли улушга эга. Бу эса истиқлол йилларида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотларнинг ёрқин самарасидир. Иқтисодиёт, жумладан, пахтачилик ва у билан боғлиқ қайта ишлаш саноатини қайта ташкил этиш, ишлаб чиқаришни диверсификация ва модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, хўжалик юритишнинг илғор бозор услубларини жорий этиш давомида ушбу секторда улкан ўзгаришлар амалга оширилди.

VIII Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасида дунёнинг 38 давлатидан ишбилармон доиралар вакилларининг қатнашгани чет эл ишлаб чиқарувчилари ҳамда савдо компанияларининг Ўзбекистон билан ҳамкорликдан манфаатдорлигини яна бир бор исботлади. Бу нафақат пахта толамиз ва тўқимачилик маҳсулотларимизни харид қилиш, балки уларни ишлаб чиқаришда бевосита иштирок этишга интилишида ўз ифодасини топмоқда. Мамлакатимизда қатор қўшма, шу жумладан, хориж корхоналари муваффақиятли ишлаб турибди, уларнинг сони тобора кўпаймоқда.

Ярмарканинг хорижлик иштирокчиларининг фикрича, бундай самарали ҳамкорлик мамлакатимизда яратилган қулай инвестиция муҳити туфайли жадал ривожланмоқда. Ўзбекистонда тўқимачилик соҳасида фаолият кўрсатаётган чет эллик инвестор ва шериклар учун қатор махсус солиқ ва божхона имтиёзлари, бошқа преференциялар жорий этилган бўлиб, бу уларнинг мамлакатимизда муваффақиятли бизнес юритишига қулайлик яратмоқда.

Мамлакатимизнинг кўплаб ишлаб чиқарувчиларининг ярмаркада иштирок этгани уларга шериклари доирасини кенгайтириш имконини берди. Мутахассисларнинг фикрича, Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасининг ўтказилиши мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари, айниқса, ҳудудларда жойлашган корхоналарга тўқимачилик маҳсулотларимизнинг хорижлик истеъмолчилари билан бевосита ҳамкорлик ўрнатиш ва уларни жаҳон бозорларига олиб чиқиш учун қулай шарт-шароит яратмоқда.

Хорижлик иштирокчилар Ўзбекистон ҳудудларининг инвестиция салоҳияти ва тўқимачилик саноатини ривожлантиришга доир янги лойиҳаларнинг тақдимот маросимлари ташкил этилгани самарасида ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятларга эга бўлди. Шунингдек, улар “Ўзбекистон” пахтани қайта ишлаш заводи, Тошкент вилоятининг “Тошкент-Тола” пахта терминали ва пойтахтимизда фаолият кўрсатаётган қатор корхоналарда бўлиб, мамлакатимизнинг иқтисодиёт соҳасидаги, жумладан, пахта бизнесининг замонавий тузилмасини ташкил қилиш борасидаги ютуқлари билан танишди.

Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси ташкил этилганидан буён бу тадбир мамлакатимизнинг кўплаб давлатлар билан ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорлигининг дунёда эътироф этилган ўзига хос механизмига айланди. Бу йилги тадбирнинг юксак натижалари Президентимиз Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган миллий иқтисодиётимиз ва унинг барча тармоқларини босқичма-босқич, комплекс равишда ривожлантириш йўналиши нақадар тўғри эканини яна бир карра тасдиқлади. Ярмарка давлатимиз раҳбари Ўзбекистон иқтисодиётининг рақобатбардошлигини янада ошириш бўйича олдимизга қўйган вазифаларни бажаришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу эса яқин келажакда мамлакатимизга дунёнинг иқтисодиёти тараққий топган давлатлари қаторига қўшилиш имконини беради.


ЎзА, Анна Иванова, Нодира Манзурова, Асқар Яқубов (сурат)
8 509