ЎзА Ўзбек

19.08.2015 13:20 Чоп этиш версияси

Қишлоқ маҳсулотлари – хорижга

Қишлоқ маҳсулотлари – хорижга Наманган туманида фаолият кўрсатаётган масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Тошбулоқ Текс” Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси Наманган вилоятидаги етакчи экспортчи корхоналардан.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор замонавий ишлаб чиқариш корхоналари барпо этиш, экспортбоп ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш, энг муҳими, аҳоли бандлигини таъминлашда юксак самаралар бермоқда.

2010 йилда иш бошлаган корхона пахта толасидан ип йигиришга ихтисослашган. Замонавий жиҳозланган корхонада тўқувчилик ва тикувчилик саноати учун зарур бўлган юқори сифатли калава ип йигирилиб, тайёр маҳсулотнинг асосий қисми экспортга йўналтирилади. Йилига 4 минг тонна калава ип ишлаб чиқариш қувватига эга корхона маҳсулотига хорижда ҳам талаб ортиб бормоқда.

Ўтган йили бу ерда 14 миллиард сўмлик калава ип тайёрланиб, 6 миллион АҚШ доллари қийматига тенг маҳсулот экспорт қилинган бўлса, жорий йилнинг олти ойида бу кўрсаткич 3 миллион 200 минг АҚШ долларини ташкил этди. Бу корхонада меҳнат қилаётган 200 га яқин ишчи-хизматчининг даромади ортиб, турмуши янада фаровонлашаётганидан далолатдир.

– Бозор иқтисодиётидаги кучли рақобат шароитида сифат бош омилдир, – дейди корхона раҳбари Тўлқинжон Баротов. – Биз корхонани босқичма-босқич техник ва технологик жиҳатдан янгилаб бориш истиқболини белгилаб олганмиз. Жорий йил охирига қадар умумий қиймати 760 минг АҚШ долларига тенг иккита лойиҳа асосида Германиядан янги дастгоҳлар келтириб, модернизация қилиш кўзда тутилган. Ҳозир лойиҳанинг дастлабки босқичи устида иш олиб борилмоқда. Лойиҳа амалга ошса, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми бир неча баробар ўсади.

Вилоят иқтисодиёт бош бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, ўтган йилнинг биринчи ярмида 87 корхона ташқи бозорга маҳсулот чиқарувчи субъект сифатида қайд этилган бўлса, бугун улар сафи 98 тага етган.

Жорий йилнинг дастлабки олти ойида Наманган туманидаги “Истиқлол текстиль дизайн” масъулияти чекланган жамияти 63,3 минг долларлик эркаклар костюмини экспорт қилди. “Аisha home textile” ва Чортоқ туманидаги “Chortoq Daihan textile” масъулияти чекланган жамиятлари томонидан қарийб 680 минг доллар қийматида сочиқ, халат, момиқ мато, калава ип маҳсулотлари ташқи бозорга чиқарилди.

– Экспортчи корхоналарнинг 37 таси қишлоқларда фаолият кўрсатмоқда, – дейди вилоят иқтисодиёт бош бошқармаси саноат бўлими бошлиғи Акмалжон Асқаров. – Жорий йилнинг биринчи ярмида ташкил этилган 11 янги корхонада маҳсулотни экспортга чиқариш йўлга қўйилди. Косонсой туманидаги “Косонсой ип йигирув нотўқима” масъулияти чекланган жамияти мебель тўшамаси, Наманган туманидаги “Nafis теx group” масъулияти чекланган жамияти трикотаж маҳсулотлари, “Наммоторсервис” масъулияти чекланган жамиятининг насос агрегатлари экспорт қилинди.

Буларнинг барчаси қишлоққа саноатни олиб кириш ва маҳаллий хомашёдан халқаро бозорда харидоргир бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар самарасидир.

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
5 726