ЎзА Ўзбек

14.11.2018 Чоп этиш версияси

Қишлоқдаги фабрикада йилига 1 миллион 200 минг дона трикотаж маҳсулоти ишлаб чиқарилади

Қишлоқдаги фабрикада йилига 1 миллион 200 минг дона трикотаж маҳсулоти ишлаб чиқарилади

Андижон вилояти Пахтаобод туманидаги “Маърифат” маҳалласида “Texno mebel invest” масъулияти чекланган жамиятига қарашли йилига 1 миллион 200 минг дона трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга фабрика иш бошлади.

Ҳудудларда саноатни ривожлантириш, янги корхоналар барпо этиш, мавжуд корхоналарни қўллаб-қувватлаш, барқарор ишлаши учун зарур имкониятлар яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилаётгани натижасида Андижон вилоятида ана шундай корхоналар сони, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Умумий лойиҳа қиймати 4,5 миллиард сўм бўлган ушбу корхона жамиятнинг айланма маблағлари ҳамда “Ипак йўли" АИТБ вилоят филиалидан олинган кредит эвазига ташкил этилди.

Корхонага “ноль” қийматда берилган тумандаги собиқ пойабзал фабрикасининг фойдаланилмай турган биноси қисқа муддатда реконструкция қилиниб, таъмирланди. Хитой, Туркия давлатларидан замонавий дастгоҳ ва жиҳозлар олиб келиб, ўрнатилди. Ишлаб чиқариш цехлари босқичма-босқич ишга туширилмоқда.

– Айни кунда корхонамизда ишлаб чиқарилаётган трикотаж маҳсулотлари “Reza textil” бренди остида сотувга чиқарилмоқда, – дейди корхона раҳбари Мирзоҳид Сиддиқов. – Ҳозирча маҳсулотларимиз ички бозорда сотилмоқда. Жорий йил охирига бориб Россия, Украина ва Қозоғистон давлатларига экспорт қилишни бошлаймиз. Умуман, йилига 400 минг АҚШ доллари қийматидаги маҳсулот экспорт қилиниши кўзда тутилган.

Ҳозирда корхонада 200 нафар хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Уларнинг самарали иш юритиши учун барча зарур шароитлар яратилган. Корхона тўла қувват билан ишга тушгач, яна 200 кишининг бандлиги таъминланади, ишлаб чиқариш ҳажми ҳам икки баробарга ортади.

3 203
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА​​