ЎзА Ўзбек

31.10.2012 14:09 Чоп этиш версияси

Қишлоқ аҳолисига қулайликлар

Мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам қулайликлари жиҳатидан шаҳардагидан қолишмайдиган замонавий уй-жой мавзелари ва шунга мос инфратузилма объектларининг барпо этилаётгани самарасида халқимиз турмуш фаровонлиги тобора яхшиланмоқда.

Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган бундай улкан саъй-ҳаракатлар замирида тобора ривожланиб бораётган мамлакатимиз аҳолиси ҳаёт даражасини янада юксалтириш, уларга зарур турмуш шароити яратиб бериш, бир сўз билан айтганда, “Ислоҳотлар инсон ва унинг фаровон ҳаёти учун” деган тамойилни рўёбга чиқаришдек эзгу мақсад мужассам.

Давлатимиз раҳбарининг 2007 йил 8 январда қабул қилинган “Осиё тараққиёт банки иштирокида “Қашқадарё ва Навоий вилоятлари қишлоқ аҳоли пунктларининг сув таъминоти ва санитарияси” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ҳудуд аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасидаги ишлар босқичма-босқич амалга оширилаётир. Жумладан, дастлабки лойиҳа бўйича 2007-2009 йилларда вилоятнинг беш туманидаги 89 қишлоққа янги қувурлар тортилиб, аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди. Ҳар бир хонадонга сув ўлчагич мосламалари ўрнатилгани эса сувдан тежаб фойдаланишда муҳим омил бўлмоқда.

2009 йили Дамхўжа минтақалараро сув қувурини модернизация қилиш орқали Навоий ва Бухоро вилоятлари туман марказларини улаш лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилди.

Мазкур лойиҳага кўра, 2010-2014 йилларда Кармана, Конимех, Навбаҳор, Хатирчи ва Қизилтепа туманларидаги мавжуд сув тармоқларининг 113,7 километрлик қисмини реконструкция қилиш ва 38,4 километр масофага янги қувурлар ётқизиш режалаштирилган. Жорий йилнинг тўққиз ойи якунлари бўйича лойиҳада белгиланган ишлар 76,1 фоизга бажарилди. Жумладан, 107,2 километр масофадаги сув қувурлари тўлиқ реконструкция қилиниб, 8,5 километр масофага янги қувурлар тортилди.

Лойиҳа доирасида вилоятнинг учта тумани марказида сув тарқатиш иншоотларини реконструкция қилиш ишлари ҳам жадал олиб борилмоқда. Яна тўртта туманда бундай пунктларнинг янгисини барпо этиш режалаштирилган. Вилоят қишлоқ аҳоли пунктлари сув иншоотларини реконструкция қилиш ва қайта таъмирлаш ҳамда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 2011-2012 йилларда республика ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар таҳлили бу борада ўсишга эришилганини кўрсатмоқда.

Ўтган йили вилоятнинг чекка туманларидаги қишлоқлар аҳлини ичимлик суви билан таъминлаш борасида 5 миллиард 495 миллион сўмликдан ортиқ иш бажарилиб, қўшимча 12 минг аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланган эди. Жорий йилнинг тўққиз ойи давомида эса бу кўрсаткич 6 миллиард 830 миллион сўмни ташкил этмоқда. Бу яна қарийб беш минг аҳоли тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлади, демакдир.


ЎзА, Н.Раҳимов
9 994