Ишлаб чиқариш ҳажми икки баробар кўпайди
Наманган шаҳридаги тўқимачилик йўналишида момиқ сочиқ ва халатлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Чошгоҳ”масъулияти чекланган жамиятининг фаолияти янада кенгайди.
Наманган шаҳридаги тўқимачилик йўналишида момиқ сочиқ ва халатлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Чошгоҳ”масъулияти чекланган жамиятининг фаолияти янада кенгайди.Бундан 12 йил аввал иш бошлаган корхонада 107 киши меҳнат қилади. Йилига 10 минг метрдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга корхонада ўтган йили 29 миллиард сўмликдан зиёд маҳсулот тайёрланди. Ишлаб чиқариш бозор талаб ва таклифлари асосида ташкил этилаётгани, маҳсулотнинг сифатига алоҳида эътибор қаратилаётгани корхона иқтисодиётининг барқарор ўсишида муҳим омил бўлмоқда.
– Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш бўйича яратилаётган имкониятлар юксак самаралар бермоқда, – дейди “Чошгоҳ” масъулияти чекланган жамияти раҳбари О.Бобохонов. – Ана шу имтиёзлардан фойдаланган ҳолда бўш турган ер ва иншоотларни “ноль” қийматда олиб, корхона фаолиятини кенгайтирдик. Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун жамият ўз маблағи ҳисобидан 4 миллиард 700 миллион сўмдан зиёд сармоя киритди. Қисқа муддатда 1 миллиард 500 миллион сўмликдан зиёд қурилиш-реконструкция ишлари бажарилди, хориждан 3 миллиард 200 миллион сўмлик тўқув-тикув дастгоҳлари келтириб ўрнатилди. Бу ишлаб чиқариш қувватини икки баробар ошириш, қўшимча 100 дан зиёд янги иш ўрни яратиш имконини берди.