Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.05.2017 20:08 Чоп этиш версияси

Ишбилармонлик муҳити янада яхшиланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасида БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистон бизнес форуми (3-босқич)” лойиҳаси доирасида Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш ва Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” ҳисоботидаги халқаро рейтингини ошириш масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

“Ўзбекистон бизнес форуми (3-босқич)” лойиҳаси Савдо-саноат палатаси ва БМТ Тараққиёт дастурининг қўшма ташаббуси бўлиб, онлайн хизматларни жорий этиш, меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, инклюзив бизнес-моделларни ривожлантириш ва илгари суриш учун шароитларни яхшилашга қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси А.Шайхов ва бошқалар мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини юксалтириш, иқтисодиётимизнинг барқарор ўсишини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, янги иш ўринларини ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилаётганини таъкидлади.

– Бугунги кунда ишбилармонлик муҳити ва инвестициявий иқлим жозибадорлигини оширишга доир ҳаракатларни фаоллаштириш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда, – дейди БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили Стефан Приснер. – Ўзбекистон қулай ишбилармонлик муҳитига эга. Юртингизда тадбиркорлик жадаллик билан ривожланмоқда. Ўзбекистоннинг халқаро рейтингларда эгаллаб турган ўрни юксалиб бораётгани ҳам бу борадаги ишлар самарадорлигини ифодалайди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда бизнес юритишнинг институционал асосларини яхшилаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, лицензиялар ва рухсат берувчи ҳужжатларни олиш билан боғлиқ тартиб-тамойиллар, экспорт ва импорт чоғида маҳсулотларни сертификатлаш тизими соддалаштирилиши эвазига ташқи савдо операцияларини амалга ошириш чоғида божхона расмийлаштируви, юкларни ташиш борасида вақт ва маблағ тежалишига эришилмоқда. Солиққа тортиш соҳасидаги ислоҳотлар ҳам Жаҳон банкининг рейтингида ижобий акс этди.

– Ўзбекистоннинг халқаро рейтингдаги позицияси ишбилармонлик муҳитининг қулайлигини акс эттирмоқда, – дейди БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистон бизнес форуми (3-босқич)” лойиҳаси раҳбари Баҳодир Беков. – Бу халқаро бизнес жамиятида инвестициявий қарорларни қабул қилишда муҳим омил саналади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармони билан тасдиқланган Давлат дастурида ҳам «Doing Business» ҳисоботида Ўзбекистон рейтингини оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишга оид вазифалар белгиланган.

БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистон бизнес форуми (3-босқич)” лойиҳаси экспертлари мавжуд вазиятни таҳлил қилиш асосида тадбиркорларга кўрсатилаётган давлат хизматларини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиб, уларни миллий ҳамкорларга муҳокама учун тақдим қилди.

Нурилло Насриев, ЎзА
6 093






Все о погоде - Pogoda.uz