ЎзА Ўзбек

02.04.2018 19:15 Чоп этиш версияси

Ишбилармонларнинг самарали ҳамкорлик майдони

Ишбилармонларнинг самарали ҳамкорлик майдони Ашхобод шаҳрида 29-31 март кунлари “Made in Uzbekistan” Миллий саноат кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда туркманистонлик ишбилармонлар Ўзбекистон маҳсулотларига катта қизиқиш билдирди.

Икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашуви чоғида эришилган янги босқичдаги ҳамкорлик алоқалари ўзаро ҳурмат ва ишонч руҳида мустаҳкамланиб бормоқда. Бу, айниқса, сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳаларда сезиларли фаоллашди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил март ойида Туркманистонга давлат ташрифи давомида имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома асосида ушбу мамлакат билан савдо, ишлаб чиқариш кооперацияси, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон ва Туркманистон савдо-саноат палаталари ҳамкорлигида юқори савияда ташкил этилган мазкур форум ана шу дўстона алоқаларнинг мантиқий давоми бўлди. Мазкур тадбир қўшни давлат ишбилармон доира вакиллари билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, яқин шериклик алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 100 дан ортиқ йирик саноат корхонаси ва тадбиркорлар ўз маҳсулотлари билан қатнашди.

Ўзбекистоннинг тоғ-кон, металлургия, нефть-газ, машинасозлик, электрэнергетика, тўқимачилик, кимё саноати, қурилиш материаллари, маиший техника, озиқ-овқат, тиббиёт маҳсулотлари, автомобилсозлик, суғурта хизматлари, амалий санъат ва ҳунармандлик маҳсулотлари намойиши ўзига хослиги ва бетакрорлиги билан ажралиб турди.

Кўргазмада тижорий-шериклик, манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган шартномалар имзоланди, маҳсулотлар экспортини ошириш юзасидан истиқболли келишувларга эришилди.

ЎзА
10 732