Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ишбилармонлар ҳамкорлиги изчил ривожланмоқда

Пойтахтимизда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ишбилармонлари иштирокида кооперацион биржа ўтказилди.

Пойтахтимизда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ишбилармонлари иштирокида кооперацион биржа ўтказилди.

Мамлакатимиз Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон ва Жанубий Кореянинг экспорт-импорт, савдо, саноат, автомобилсозлик, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, электрон маҳсулотлар ва тиббиёт ускуналари ишлаб чиқариш, суғурта, косметика каби соҳаларда фаолият юритадиган вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик алоқалари барча йўналишларда, жумладан, савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳаларда барқарор ривожланиб бораётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг учрашувлари чоғида эришилган келишувлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди. Президентимиз Ислом Каримовнинг жорий йилнинг май ойида Корея Республикасига давлат ташрифи стратегик шериклик муносабатларига янги суръат бағишлади. Ташриф доирасида имзоланган қарийб 7,7 миллиард АҚШ долларига тенг 60 ҳужжат икки мамлакат халқлари манфаатларига хизмат қилаётир.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея катта иқтисодий салоҳиятга эга мамлакатлардир. Бу соҳада икки давлат ўртасида энг кўп қулайлик яратиш тартиби жорий қилинган. Мамлакатларимиз ўртасида савдо-саноат, сармоя, нефть-газ, кончилик, машинасозлик, тўқимачилик, логистика, кимё саноати, қурилиш, ахборот-коммуникация технологиялари, таълим, соғлиқни сақлаш каби кўплаб соҳалардаги ҳамкорлик жадал ривожланмоқда. Бунинг самарасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми изчил юксалиб бормоқда.

Инвестициявий ҳамкорлик кўлами ҳам мунтазам кенгаймоқда. Жанубий кореялик ишбилармонлар Ўзбекистон бозорига катта қизиқиш билдирмоқда, мамлакатимизга инвестиция киритиб, янги қўшма корхоналар ташкил этаётир. Айни пайтда Ўзбекистонда Жанубий Корея ишбилармонлари билан ҳамкорликда ташкил этилган юзлаб корхоналар мавжуд бўлиб, улар савдо, тўқимачилик ва енгил саноат, тоғ-кон металлургияси, кимё ва озиқ-овқат саноати, машинасозлик, сайёҳлик, соғлиқни сақлаш ва хизмат кўрсатиш каби соҳаларда иш юритмоқда.

Тадбирда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янги марраларга олиб чиқиш учун икки томон ҳам улкан имкониятларга эга экани қайд этилди. Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини янада кўпайтириш, маҳсулот турларини кенгайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ҳамкорликни фаол ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Анжуманда Ўзбекистон ва Жанубий Кореянинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, сармоя киритишнинг истиқболлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш омиллари, “Навоий” ва “Ангрен” индустриал зоналаридаги қулайликлар ва имтиёзлар хусусида сўз юритилди. Ўзбекистон ва Жанубий Корея ишбилармонлари ҳамкорлигида иқтисодиётнинг турли соҳаларида амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар ва уларнинг ижроси, ҳамкорлик истиқболларига оид масалалар муҳокама қилинди.

– Ташкилотимиз Жанубий Корея корхоналарининг ташқи бозордаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш билан шуғулланади, – деди “Kobia” Жанубий Корея бизнес-инкубация уюшмаси вице-президенти Ли Ги Сук. – Улкан иқтисодий салоҳиятга эга Ўзбекистон бозори ғоят истиқболли. Мамлакатингиз иқтисодиёти барқарор ривожланиб, юксак кўрсаткичларга эришмоқда. Ўзбекистонда ҳар йили ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ўсиш суръати 8 фоиздан ошаётгани таҳсинга лойиқ. Мазкур тадбирда иштирок этган Жанубий Кореянинг барча компаниялари Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиш билдирмоқда. Уюшмамиз Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликни янада кенгайтирмоқда.

Кооперацион биржада Ўзбекистоннинг қатор компания ва корхоналари вакиллари ҳамда Жанубий Корея ишбилармонлари ўзаро манфаатли ва истиқболли ҳамкорликни янада ривожлантириш, иқтисодиётнинг турли йўналишларида бизнес алоқаларини кенгайтириш, савдо ва саноат соҳаларида қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга оширишга келишиб олди.