ЎзА Ўзбек

27.08.2018 17:39 Чоп этиш версияси

Ишбилармон, тадбиркор аёллар тақдирланди

Ишбилармон, тадбиркор аёллар тақдирланди
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан Мустақиллигимизнинг 27 йиллигига бағишлаб ташкил этилган «Ишбилармон аёл» кўрик-танловининг мамлакат босқичи якунланди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан ҳамкорликда «Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!» шиори остида ўтказилган танловнинг бу йилги туман, шаҳар ва вилоят босқичларида 10 минг нафардан зиёд тадбиркор, ишбилармон ва фермер аёллар иштирок этди. Қатнашчиларнинг 52 нафари эса мамлакат босқичига етиб келди.

– Корхонамизда болалар учун кўплаб турдаги пластик ўйинчоқлар тайёрланади, – дейди «Baby Toys Garden» МЧЖ раҳбари Хуршида Тошева. – Ҳозир ишчиларимиз сони 50 дан ортиқ. Яқинда хитойлик ҳамкорлар билан янги турдаги қўғирчоқлар ишлаб чиқаришни йўлга қўямиз. Қўшимча 40 та иш ўрни яратилади.

Ҳакамлар томонидан «Замонавий тадбиркор аёл портрети», «Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли», «Қишлоқ инфратузилмасини ривожлантираётган фермер аёл», «Ташаббускор аёл» каби номинацияларда ғолиблар аниқланди. Уларга партия ва ҳамкор ташкилотларнинг диплом ва қимматбаҳо совғалари тақдим этилди.

Тадбир сўнггида иштирокчилар учун концерт дастури намойиш этилди.

И.Аҳатова, Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА
5 328