Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

22.08.2017 17:40 Чоп этиш версияси

"Ишбилармон аёл" кўрик-танловининг финал босқичида 57 тадбиркор аёл қатнашди

"Ишбилармон аёл" кўрик-танловининг финал босқичида 57 тадбиркор аёл қатнашди Қорақалпоғистонлик Шарбон Худойберганова меваси ғарқ пишган боғлар, ажойиб токзорлар яратиб, ҳар қарич ер қадрини зардек билади. Қашқадарёлик Наргиза Саломова ўзи ташкил этган ўқув марказида тўрт мингдан ортиқ қизни касб-ҳунарга ўргатиб, улар томонидан тадбиркорлик ишини бошлашга кўмаклашди. Бухоролик Нилуфар Сафарова тиккан зардўзи дўппилардаги нафис безаклардан кўз узиш қийин.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!" шиори остида ўтказилган "Ишбилармон аёл" кўрик-танловининг республика босқичи ана шундай ташаббускор, фидойи, меҳнатсевар аёллар фаолияти билан яқиндан танишиш имкониятини берди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Б.Ёқубов, Республика Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Б.Асадов ва бошқалар юртимизда тадбиркорлик фаолиятини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатларда хотин-қизларнинг илғор ғоя ва ташаббусларини ҳаётга кенгроқ жорий этишга доимий эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

"Ишбилармон аёл" кўрик-танлови юртимиз тараққиётига, халқ фаровонлигига фаол ҳисса қўшаётган, изланувчан, серғайрат тадбиркор ва фермер аёлларни рағбатлантириш, уларнинг фаолиятини, илғор иш тажрибасини оммалаштириш мақсадида ўтказиб келинмоқда. Бу йилги танловнинг дастлабки босқичларида 10 мингдан ортиқ опа-сингилларимиз қатнашди. Финал босқичида 57 тадбиркор аёл ишлари ҳакамлар ҳайъати эътиборига ҳавола этилди.

– Тадбиркорликка қўл урганимда ўғлим Шуҳрат ҳали чақалоқ эди, – дейди Сурхондарёнинг Узун туманидаги "Шуҳрат-1" кўп тармоқли хусусий ишлаб чиқариш, савдо-тижорат фирмаси раҳбари Рисолат Пардаева. – Энди у ёнимда дастёр. Юртимиздаги имкониятлар натижасида фирмамиз самарали ишламоқда. Бугун замонавий цех, савдо шохобчаларимиз бор. Махсус ишчи кийимлар, миллий либослар, боғча ва шифохоналар учун чойшаблар тайёрлаймиз. Келгусида мева-чева данагидан ёғ олишга ихтисослашган цех очишни режалаштирганмиз.

"Ишбилармон аёл" кўрик-танлови иштирокчилари ишини баҳолашда хотин-қизлар учун яратилган иш жойлари, экспортга йўналтирилган ёки импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш, кўрсатилаётган хизматлар сифати, ўз фаолиятига инновацион ғояларни татбиқ этиш каби жиҳатларга асосий эътибор қаратилди.

Сирдарё вилоятидаги "Санжар Алимардон Умид" кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Асалхон Давронова ҳамда Навоий вилоятидаги "Кармана ДАСД" хусусий корхонаси ва "Олтин тола" масъулияти чекланган жамияти раҳбари Дилором Астонова биринчи ўринга муносиб топилди. Шунингдек, турли номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева сўзга чиқди.

Назокат Усмонова, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА
4 196






Все о погоде - Pogoda.uz