ЎзА Ўзбек

11.06.2019 18:48 Чоп этиш версияси

Ипотека-банк тадбиркорларга кўмакдош

Ипотека-банк тадбиркорларга кўмакдош

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб қувватлаш учун банк томонидан кредитлар ажратилишини янада енгиллаштириш борасида белгиланган чора-тадбирлар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Банк мутасадди ходимлари ва оммавий ахборот воситалари иштирок этган анжуманда юртимизда олиб борилаётган изчил иқтисодий ўзгаришларда “Ипотека-банк” АТИБнинг ҳам ўз ўрни борлиги алоҳида эътироф этилди.

Банк кичик бизнеснинг республикамиз иқтисодиётидаги ўрнини ҳисобга олиб, кичик корхоналар ва микрофирмалар ташкил этилишига, уларни молиялаштиришда белгиланган тартибда фаол иштирок этаётир.

– Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш ҳамда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш масалалари юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда, – дейди банкнинг Аҳоли тадбиркорлигини молиявий қўллаб-қувватлаш дастурларини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилиш бошқармаси бошлиғи Санжар Муродов. – Аҳолининг тадбиркорликка бўлган эҳтиёжи ўрганиш борасида жойларда тушунтириш тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Имтиёзли кредитлар ажратиш юзасидан тадбиркорлар билан суҳбатлар ўтказилаётир. Шу каби вазифалардан келиб чиқиб, бизнинг банкимизда ҳам бир қанча бўлимлар ташкил қилинди. Алоҳида мутахассислар жалб этилиб, мониторинг назорати кучайтирилди. Шунингдек, банкимиз томонидан ўз оилавий бизнеси бошламоқчи ёки ривожлантириш истагида бўлган ёшларни ҳам қўллаб-қувватланмоқда.

Тадбирда кичик бизнес субъектларини молиялаштиришда хорижий кредит линияларининг ўрни хусусида ҳам маълумот берилди. 

Инсон манфаати, унинг бахтли ва фаровон турмушини таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан саналади. “Ипотека-банк” АТИБ томонидан амалга оширилаётган ишлар шаҳар, туман, олис қишлоқ ва овулларда янги иш ўринлари яратиш, аҳоли табиркорлигини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётир. Бу одамларнинг дунёқарашини ўзгартириб, эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Реклама ҳуқуқи асосида

ЎзА
4 277