ЎзА Ўзбек

18.08.2020 Чоп этиш версияси

Ипотека банк Сўх туманидаги лойиҳаларни молиялаштирмоқда

Ипотека банк Сўх туманидаги лойиҳаларни молиялаштирмоқда

Фарғона вилояти Сўх туманини ҳар томонлама ривожлантириш мақсадида Ипотека-банк ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Президентимиз томонидан туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида берган кўрсатмалари асосида ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини кўтаришга, шунингдек қўшимча янги иш ўринларини яратишга қаратилган саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш каби соҳаларга доир лойиҳалар ўрганилиб, уларни молиялаштириш ишлари бошлаб юборилди.

«Ипотека-банк» томонидан Сўх туманида умумий қиймати 1,6 миллиард сўмлик 3 та лойиҳани молиялаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳалар учун банк томонидан 900 миллион сўмлик кредит маблағлари ажратилиши кўзда тутилган бўлиб, уларнинг барчаси бугунги кунда тўлиқ молиялаштириб берилди.

Хусусан, тумандаги «Бахти Сайиди Сухий» хусусий корхонаси томонидан умумий қиймати 1 миллиард сўмлик аҳолига маиший хизмат кўрсатиш лойиҳасини ташкил қилиш мақсадида банк томонидан жами 500 миллион сўмлик кредит маблағлари ажратилди. Ушбу лойиҳанинг ишга туширилиши натижасида туманнинг 36 нафар аҳолиси иш билан таъминланиши кўзда тутилган.

Шунингдек, «Гузари Омади Лазина» МЧЖ учун боғдорчиликни ривожлантириш мақсадида томчилаб суғоришни ташкил этиш учун 200 миллион сўм ва «Тохиржонов Илхомжон» хусусий корхонасига тунука маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун ускуна сотиб олиш мақсадида 100 миллион сўм миқдорида кредит маблағлари ажратиб берилди.

Албатта бу ажратилган маблағлар ҳар уч тадбиркорлик субъекти учун ҳам катта ёрдам бўлди.

Ипотека-банк ходимлари тадбиркорларнинг дардини тинглаб тадбиркорлигини ривожлантириш учун барча зарурий ёрдамларни кўрсатмоқда. Банкнинг мақсади ҳам битта юртдошларимизга сифатли банк хизматларини кўрсатиш билан бирга, ўз мижозлари ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш орқали ҳудудларда кўплаб янги иш ўринлари яратиш ва провардида халқимизнинг турмуш фаровонлигини оширишдан иборат.

Банк матбуот хизмати

Реклама ҳуқуқи асосида

3 901
ЎзА