ЎзА Ўзбек

27.12.2018 Чоп этиш версияси

«Ипотека-банк» АТИБ ва Россиянинг "Газпромбанк" АЖ 2 миллиард рубллик ҳамкорлик битимини имзоладилар

«Ипотека-банк» АТИБ ва Россиянинг "Газпромбанк" АЖ 2 миллиард рубллик ҳамкорлик битимини имзоладилар Жадал амалга оширилаётган инвестиция сиёсати натижасида Ўзбекистон иқтисодий соҳадаги кўп томонлама халқаро ҳамкорликнинг фаол иштирокчисига айланди.

Хорижий сармоядорларнинг мамлакатимиз иқтисодий барқарорлигига ва истиқболларига ишончи ва қизиқиши хорижий инвестицияларни кенг жалб этишда ижобий омил бўлмоқда. Максимал даражада қулай инвестиция муҳитини яратиш ва хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш мақсадида тўғридан-тўғри сармоя киритаётган хорижий инвесторлар учун қонунчилигимизда кенг имтиёзлар, енгилликлар ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатлари тизими белгиланган. Ўзбекистоннинг энг йирик банки ҳисобланган "Ипотека-банк" АТИБ ва Россиянинг "Газпромбанк" акциядорлик жамияти ўртасида имзоланган қўшма битим мамлакатимизга хорижий кредит линияларини жалб этиш борасида олиб борилаётган фаол ишларга мисолдир.

2018 йил 25 декабрь куни "Ипотека-банк" АТИБ ва "Газпромбанк" АЖ мамлакатимиз иқтисодиётининг энг муҳим соҳаларида инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш тўғрисида ҳадли битимни имзоладилар. Ушбу ҳужжат томонларнинг кенг доирадаги масалаларда, жумладан, тоғ-кон, кимё ва металлургия тармоқлари, аграр сектор, тўқимачилик саноати ва қурилиш соҳаларидаги инвестиция лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш мақсадида ҳамкорлик қилишини кўзда тутади. Бугунги кунда жалб этиладиган инвестициялар қиймати 30 миллион АҚШ доллари эквивалентини ташкил этмоқда.

Ушбу битимни имзолашдан асосий мақсад металлургия ва тоғ-кон саноатини ривожлантиришга, янги технологиялар, ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг илғор усулларини жорий этишга, ушбу тармоқларнинг халқаро бозордаги рақобатбардошлигини ошириш учун тизимли ва узоқ муддатли рағбатларни яратишга кўмаклашишдан иборат.

Шунингдек, томонлар транспорт, тиббиёт, уй-жой коммунал ва ижтимоий инфратузилмани қамраб оладиган лойиҳаларни биргаликда илгари суриш ва молиялаштиришдан манфаатдор.

Ҳамкорлик доирасида томонлар уларни қизиқтирган лойиҳа ва дастурларни синдикациялашган ҳолда молиялаштириш операцияларини янада ривожлантиришда биргаликда иштирок этиш имкониятларини муҳокама қилмоқда.

"Ипотека-банк" АТИБнинг "Газпромбанк" АЖ билан ҳамкорлиги кредит ресурсларини жалб этиш билан чекланмай, томонлар ўртасида тажриба алмашишни ҳам кўзда тутади. Бу савдони молиялаштириш, жумладан, савдо операцияларини экспортолди ва экспортдан кейинги молиялаштириш, кафолатлар тақдим этиш, рамбурс мажбуриятлари ва савдони молиялаштиришнинг бошқа шакллари бўйича Россия молиявий институтлари тажрибасини ўрганиш ва "Ипотека-банк" АТИБ тизимида амалиётга жорий этиш имконини беради.

"Ипотека-банк" АТИБ ва "Газпромбанк" АЖ кўплаб бошқа йўналишлар бўйича ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш ва амалга оширишни режалаштирган.

"Газпромбанк" АЖ 1990 йилда ташкил этилган, молиявий кўрсаткичларга кўра Россиянинг учта энг йирик банки сирасига киради. Банк Россия иқтисодиётининг муҳим тармоқлари - газ, нефть, атом, кимё ва нефть-кимё, қора ва рангли металлургия, электр энергетикаси, машинасозлик ва металлга ишлов бериш, транспорт, қурилиш, алоқа, агросаноат мажмуи, савдо соҳаларига хизмат кўрсатади. Банкнинг энг йирик акциядорлари "Газпром" ОАЖ ва "Газфонд" НПЖ ҳисобланади.