ЎзА Ўзбек

14.08.2019 Чоп этиш версияси

Ипотека банк: Ҳар бир мижоз бизнес – ҳамкорга айланди

Ипотека банк: Ҳар бир мижоз бизнес – ҳамкорга айланди

“Ипотека-банк” акциядорлик тижорат ипотека банки филиаллар тармоғида ҳудудий менежер А.Ураимов Сурхондарё вилоятида тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан учрашди.

Банкнинг вилоят филиали мижозларга турли замонавий банк хизматлари кўрсатиш орқали кичик бизнес ва хуcусий тадбиркорликни янада ривожлантириш ҳамда ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор бермоқда. Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга мўлжалланган дастур доирасида истиқболли лойиҳалар молиялаштирилиб, воҳада юз бераётган ўзгаришларга муносиб ҳисса қўшаётир.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 23 июль ва 2 август кунлари кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, уларда мавжуд муаммолар ҳамда соҳани қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилган эди, – дейди “Ипотека-банк” акциядорлик тижорат ипотека банки вилоят филиали бошқаруви раиси Б.Нурмуҳамедов. – 2 август куни бўлиб ўтган йиғилишда бу борадаги ишлар қандай ташкил этилаётгани бўйича мутасадди вазирлик, ташкилот ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилиб, хусусий бизнесга тўсқинлик қилаётган муаммоларни марказий идоралар аралашувисиз, жойида ҳал этиш зарурлиги, тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш, ажратилган маблағларнинг мақсадли ва самарали ишлатилишини таъминлаш масалалари ҳам муҳокама этилди. Шунга мувофиқ биз давлатимиз раҳбари белгилаб берган устувор вазифаларни сўзсиз бажариш учун иш услубимизни тубдан ўзгартириб, мижозларимиз билан том маънодаги бизнес-ҳамкор сифатида иш юритиш ва тадбиркорларни янада кенгроқ қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият бераяпмиз. Мазкур учрашув ҳам ана шу мақсадда ташкил этилгани нафақат мижозлар, балки биз учун ҳам самарали бўлди.

Маълумотларга кўра, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида “Ипотека-банк” АТИБ вилоят филиали томонидан ишлаб чиқариш, сервис ва хизмат кўрсатиш, қурилиш, чорвачилик, балиқчилик каби тармоқлардаги 49 лойиҳага кредит маблағлари ажратиш режалаштирилган. Йилнинг ўтган даврида 41 лойиҳага 19 миллиард 56 миллион сўм ва 3 миллион 346 минг доллар қийматидаги маблағ ажратилиб, улар молиявий қўллаб-қувватланган. Масалан, “Термиз” хусусий меҳмонхонаси 1 миллиард сўм кредит маблағи эвазига меҳмонхонани тубдан реконструкция қилиб, маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар учун замонавий шароитлар яратди. “Машҳурбек янги турмуш” оилавий корхонаси 1 миллиард 800 миллион сўм маблағ эвазига қурилиш материали ишлаб чиқарадиган ускуналар ва юк транспорти харид қилди. “Хўжалик ҳисобидаги таъмирлаш жабҳаси” масъулияти чекланган жамияти 3 миллиард 520 миллион сўм кредит маблағидан унумли фойдаланиб, бетон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ўзлаштирди. “Surxon Fruits Frezer” масъулияти чекланган жамиятига мева-сабзавотларни сақлайдиган омборхона барпо этиши учун 4 миллиард 400 миллион сўм кредит ажратилди.

photo5377476810859719711.jpg

Мижозларга ишончли бизнес-ҳамкор сифатида қучоқ очаётган “Ипотекабанк” АТИБ вилоят филиали жорий йилнинг ўтган даврида Давлат дастуридан ташқари, кредит маблағи сўраб мурожаат этган элликдан ортиқ кичик бизнес субъектини ҳам молиявий қўллаб-қувватлагани эътиборга молик. Жумладан, “Искандар Исломбек” масъулияти чекланган жамиятига қорамолчиликни ривожлантириш мақсадида 1 миллиард 584 миллион сўм, “Минтақавий таъмир” масъулияти чекланган жамиятига кўп қаватли замонавий уй қуриш учун 14 миллиард 525 миллион 487 минг сўм, “Хуррам Нурислом” фермер хўжалигига балиқчиликни йўлга қўйиш учун 300 миллион сўм кредит маблағи берилди. Бундай мисолларни яна келтириш мумкин. Йилнинг ўтган даврида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш учун қарийб 59 миллиард сўм кредит ажратилди.

Балиқ парваришлаш учун қулай шароит ва иқлимга эга вилоятда банк кўмаги билан соҳа янги босқичда ривожланаётгани кўзга ташланмоқда. Тижорат банки томонидан ажратилган кредит маблағларининг 11 миллиард 350 миллион сўми айнан парҳезбоп, сервитамин балиқ маҳсулоти ишлаб чиқаришни кенгайтиришга йўналтирилди.

– Тижорат банки томонидан балиқчиликни қўллаб-қувватланаётганиаҳолининг ана шу турдаги маҳсулотга бўлган эҳтиёжини тўлароқ қондиришда муҳим омил бўлмоқда, – дейди “Сурхондарёбалиқсаноат” масъулияти чекланган жамияти директори ўринбосари Ф.Саттаров. – Банк билан балиқчилик хўжаликларимиз ўртасида ўзаро ишончли ҳамкорлик йўлга қўйилгани қувонарлидир. Улар банк маблағидан оқилона фойдаланиб, балиқ етиштиришнинг қафас (садок) усулини жорий этмоқда. Балиқчилик кластерлари ташкил этилаётир. Ҳудуднинг сунъий ва табиий кўлларига мос балиқ чавоқлари ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқда. Бу ишлар вилоятда балиқ етиштириш ҳажмини оширишга хизмат қилаётир.

Учрашувда Президентимиз раислигида 2019 йил 2 август куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида тижорат банклари раҳбарлари зиммасига қўйилган вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаб, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларига яқиндан кўмак бериш масалалари хусусида атрофлича маълумот берилди.

photo5377460855056214937.jpg

Мулоқот чоғида иштирокчилар ўзларининг кўплаб мурожаатларига қониқарли жавоб олди. Замонавий ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш, қурилиш, балиқчилик ҳамда чорвачиликни йўлга қўйиш ва бошқа йўналишлардаги лойиҳаларни молиялаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

– Учрашувнинг очиқ, ошкора самимий мулоқот асосида ўтгани биз мижозларга манзур бўлди, – дейди Термиз шаҳридаги “Driver car” масъулияти чекланган жамияти директори О.Отақулов. – Корхонамиз фаолияти асосан автотранспорт воситаларига ҳайдовчилар тайёрлашга йўналтирилган. Шу кунларда замонавий янги автомашиналарга эҳтиёж бор. Учрашувда ана шу масалани ўртага ташлаб, ўз маблағимизга қўшимча 75 миллион сўм кредит ажратишни сўраган эдим, мутасаддилар ҳал этиб беришни ўз зиммасига олди. Бундан хурсанд бўлдим.

Учрашувда экспорт-импорт операцияларига оид, тадбиркорлар учун бизнес режалар тайёрлаш хизмати ҳамда бошқа масалалар бўйича ҳам қатор мурожаатлар бўлди. Уларнинг аксарияти жойида ўз ечимини топди.

6 540
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА