ЎзА Ўзбек

16.06.2018 16:47 Чоп этиш версияси

“Ипотека-банк” ҳамкорлик кўламини кенгайтирмоқдa

“Ипотека-банк” ҳамкорлик кўламини кенгайтирмоқдa 2018 йил 7 июнь куни “Ипотека-банк” акциядорлик тижорат ипотека банкида пойтахтимизда Польша тадбиркорлари иштирокида бўлиб ўтган бизнес-форум қатнашчилари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Польша Савдо-саноат палатаси раисининг ўринбосари Анджей Пилат, палатанинг ташқи иқтисодий алоқалар бўйича бўлими бошлиғи Элжбета Войтас, палатанинг Марказий Осиёдаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Катажина Каневска, ўзбекистонлик шериклар билан тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйишдан манфаатдор ишбилармон доиралар вакиллари, йирик саноат компаниялари раҳбарлари иштирок этди.

Учрашув балиқ етиштириш ва қайта ишлаш бўйича ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишга бағишланди.

Польшада овланадиган балиқ турлари селекцияси, уларни технологик қайта ишлаш, балиқ учун ем ишлаб чиқариш, балиқчилик учун ускуналар яратиш ишлари яхши йўлга қўйилган. Мамлакатда асосий эътибор хонбалиқ ва карп етиштиришга қаратилади. Балиқларни ҳовузда парваришлаш ишлари юксак илмий ва биотехник даражада юритилади. Бу ерда илиқ сув, ёпиқ сув таъминоти тизими мосламалари кенг қўлланилади. Ихтисослашган балиқчилик хўжаликлари балиқ маҳсулотларининг асосий ишлаб чиқарувчиларидир.

Учрашувда “Ипотека-банк” АТИБ вакиллари меҳмонларга мамлакатимизда банк соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, иқтисодиёт ва валюта бозорини либераллаштириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлар манфаатини қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинаётган чоралар ҳақида сўзлаб берди.

Ўз навбатида, Польша ишбилармон доиралари вакиллари юртимизда кузатилаётган ижобий иқтисодий ўсиш суръатларини алоҳида қайд этди ва ҳукуматимизнинг хорижий сармоядорлар учун зарур шароитларни яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларини маъқуллади.

Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Польша турли соҳаларда ўзаро ҳамкорлик қилиш бўйича бой тажрибага эга. Мазкур учрашув ҳамкорликнинг яна бир йўналишини ривожлантиришда янги қадам бўлди. Яъни, тадбир Ўзбекистон ва Польша балиқчи тадбиркорлари ўртасида алоқалар ўрнатиш, ушбу соҳада илғор тажрибани ўрганиш, юқори технологияли ишлаб чиқаришларни аяратиш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, аквамаданият муаммоларига оид илмий маълумотлар бўйича кенг алмашинувни йўлга қўйишга хизмат қилди.

Польша ишбилармон доиралари вакиллари мазкур соҳада ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш учун доимо тайёр эканини билдирди.

Томонлар балиқ учун ем ишлаб чиқариш ва балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича лойиҳаларни амалга оширишга инвестицияларни жалб қилиш каби йўналишларда ҳамкорлик қилиш имкониятларини кўриб чиқди. Тадбирда шунингдек, балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналарида ускуналар, балиқни назорат ва мониторинг қилиш, сув параметрлари тизимларидан фойдаланиш бўйича тажриба алмашиш, ҳар икки мамлакатда балиқчилик ва балиқ бозори ҳолати ва уни ривожлантиришнинг ўзига хос жиҳатлари бўйича фикр алмашилди.

Музокаралар якунида томонлар ўзаро алоқалар ва учрашувда эришилган келишувлар ижроси бўйича назорат механизмини қўллаб-қувватлашга келишиб олди.

Томонлар икки мамлакат балиқчи-тадбиркорлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтиришга йўналтирилган чора-тадбирларни ҳамкорликнинг муҳим жиҳатларидан бири сифатида белгилади.

Хусусан, балиқчилик ускуналари, балиқни кўпайтириш материали, балиқ емини ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик қилиш масаласини кўриб чиқишга қарор қилинди.

Шунингдек, “Ипотека-банк” АТИБ ва Польша Савдо-саноат палатаси ҳамкорликда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида балиқчи-тадбиркорлар учун турли учрашув ва семинарлар ўтказиш режалаштирилди.

Томонларнинг ўзаро келишувига кўра, балиқ кўпайтириш ҳамда балиқчилик соҳасида инновацион лойиҳаларни амалга оширишга инвестицияларни жалб этиш имкониятлари бўйича тажриба алмашиш тез орада ўзбек тадбиркорларидан иборат делегациянинг Польшага бўладиган келгуси ташрифида давом эттирилади.

А. Ғаффоров, ЎзА
4 921