ЎзА Ўзбек

15.04.2019 20:07 Чоп этиш версияси

Инвестиция киритиш борасида қандай натижаларга эришилди?

Инвестиция киритиш борасида қандай натижаларга эришилди?

Мамлакатимизда хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш, бу борадаги камчиликларни бартараф этиш, сармояларни ўзлаштиришни жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Юртимизда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурининг ижроси юзасидан 2019 йилда пойтахтимиздаги Мирзо Улуғбек туманида 212,6 миллион АҚШ доллари ўзлаштирилиши белгиланган бўлиб, шундан 79,4 миллион доллар тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари ҳисобланади. Мазкур лойиҳалар доирасида 2 минг 113 та янги иш ўрни ташкил этилиши белгиланган.

Жорий йилнинг 1-чорагида ўзлаштирилган инвестициялар жами 35 миллион АҚШ доллари, шундан 15,1 миллион АҚШ доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига тўғри келади. Ушбу кўрсаткич йиллик умумий режага нисбатан 16 фоиз, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар режасига нисбатан 19 фоиз бажарилганини кўрсатади.

Ўзлаштиришлар сектор бўйича ўрганилганда 4-сектор 9 миллион АҚШ доллари ўзлаштириб, фаоллик кўрсатмоқда. Бунда 5,3 миллион АҚШ доллари хорижий инвесторлар томонидан киритилган. Шунингдек, жорий йилнинг 1-чорак якунида “MQ Textile” масъулияти чекланган жамиятининг тўқилган трикотаж, "ASBB Building Complex" МЧЖнинг бетон ва темир бетон ва "Central Asian Research and Production Centre of Biologically Active Compounds" МЧЖнинг дори воситалари ишлаб чиқариш лойиҳалари тўлиқ амалга оширилиши натижасида тўқсонта янги иш ўрни ташкил этилди.

Президентимизнинг 2018 йил 19 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига киритилган «Uzakay Inshaat» МЧЖнинг турар жой мажмуасини қуриш лойиҳаси бўйича 1-чоракда 2,9 миллион доллар ўзлаштириши режалаштирилган эди. 

Ҳозирги кунда лойиҳа ташаббускори томонидан қурилиш ишларида қийинчиликлар юзага келаётганлиги сабабли 1,5 миллион доллар ўзлаштирилди, бу белгиланган режага нисбатан 51 фоизни ташкил қилади.

Туманда самарали натижаларга эришиш билан бирга турли камчиликлар ҳам учраб турибди.

Бундан ташқари "Anhor teks" МЧЖнинг экспорт қилиниши режалаштирилган пахта ипини оқлаш, бўяш ва ундан текстиль матосини ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш учун ер майдони ажратиш ишлари якунланмаган.

Ортда қолган лойиҳа бўйича қурилиш ишларини жадаллаштириш ҳамда жорий йилнинг 1-ярим йиллигига белгиланган режа ўз вақтида ўзлаштирилиши учун барча чоралар кўрилмоқда.

Мирзо Улуғбек кичик саноат зонасида 53 та тадбиркорлик субъектининг жами киритилиши режалаштирилган инвестициялари миқдори 389 миллиард сўмни ташкил қилади. Янги ташкил этиладиган иш ўринлари сони 2 минг 168 тани ва истиқболдаги экспорт прогнози 10 миллион АҚШ долларини ташкил этиши кўзда тутилган. Ҳозирги кунга қадар 27 та корхона ўз фаолиятини бошлади.

– Жорий йилнинг шу даврига қадар туманда "Master steel”, “Мetal melting”, “Agrotex gidravlika”, “NKT trans”, “Infinity Business Trade”, “Smart Solutions Consulting”, “MQ Textile”, “ASBB Bulding Complex” масъулияти чекланган жамиятларининг лойиҳаларини амалиётга татбиқ этиш натижасида 430 та янги иш ўрни яратилди, – дейди Инвестиция, инновация, саноат, туризмни ривожлантириш ва хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш масалалари бўйича туман ҳокими ўринбосари Фарҳод Умаров. – Туманда бу йил режага мувофиқ озиқ-овқат ишлаб чиқариш ускуналари, чўян ва пўлат қуйиш, темир-пўлат маҳсулотлари, гидроцилиндр, гидроподъёмник, гидравлик штаблерлар, полипропилен (Биг баг) қоплар, баннер ва тент, тўқилган трикотаж махсулотлари, бетон ва темир бетон маҳсулотларини ишлаб чиқариш юзасидан амалий ишлар бошлаб юборилди.

Умумий ҳисобда жорий йил бошидан бугунги кунгача 59,9 миллиард сўм инвестиция маблағлари ўзлаштирилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 4 сентябрдаги “Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан, туманда ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган хатлов натижасида 227 та бўш турган ва қурилиши тугалланмаган объект аниқланган.

Бинолардан унумли фойдаланиш мақсадида 30 та объект ишга туширилиб, 12,7 миллиард сўм маблағлар жалб этилиши натижасида 142 та иш ўрни яратилди. Шунингдек, 54 та объект мулкдорлари томонидан инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилди. Хусусан, ушбу объектларга 452,9 миллиард сўм инвестиция киритиб, 894 янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган “йўл харита”лари ишлаб чиқилди.

Фойдаланилмаётган объектлар мулкдорларига объектлардан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар берилди. Лекин бунга масъулиятсизлик билан ёндашаётганлари ҳам бор. Фойдаланилмаётган объектларнинг хусусий мулкдорларига таъсирчан солиқ механизми қўлланилиши белгиланган. Ҳозир ушбу таъсирчан солиқ чоралари қўлланган объектларда ўтказилган ўрганишлар натижасида 15 та объект мулкдорлари билан биргаликда объектлардан унумли фойдаланиш юзасидан “йўл харита”лари ишлаб чиқилди. Иккита объект эса турар жой типига ўтган ва бешта бино ўз фаолиятини тиклаганлигини маълум қилган.

Мамлакатимизда инвестиция иқлими, ишчанлик муҳитини яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг барчаси аҳоли ҳаёти сифатини оширишга қаратилган. Зеро, фаол инвестиция сиёсати – барқарор иқтисодий ривожланишга эришишнинг энг муҳим шартларидан биридир.

Барно Мелиқулова, ЎзА
1 968