Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.08.2017 15:12 Чоп этиш версияси

Интенсив боғлар ҳосилга кирди

Интенсив боғлар ҳосилга кирди Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги “Gold fresh fruits” масъулияти чекланган жамиятининг интенсив боғи ҳосилга кирди.

Яндама қишлоғи ҳудудида ястанган қарийб 500 гектарлик интенсив боғ ниҳоллари 2016 йилда экилган. Боғ ҳудуди атиги 12 центнер ҳосил берадиган пахта майдони эди. Аввалига “бу ерда деҳқончилик қилиб биров барака топмайди, булар ҳам эплай олмай албатта ташлаб кетади”, деб ишончсизлик билан қараганлар ҳам бўлди. Тинимсиз меҳнат, пухта ўйланган лойиҳа ва аниқ ҳисоб-китоб ўз самарасини берди. Боғ ҳосилга кирди.

Интенсив боғнинг 85 фоиз ерига гилос экилган. Қолган қисмида олхўри, шафтоли, хурмо, ўрик, бодом парваришланмоқда. Хориждан келтирилган гилос кўчатларини маҳаллий иқлим шароитига мослаштириш боғбоннинг билими, малакаси, сабр-тоқати ва, энг муҳими, ерга меҳрига боғлиқ.

– Боғда амалга ошириладиган агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши доимий назоратда, – дейди “Gold fresh fruits” масъулияти чекланган жамияти агрономи Илҳом Валиев. – Ўтган йили эккан ниҳолларимиз деярли бехато илдиз отиб, баравж ривожланмоқда. Бу мақсадимиз ва ишончимизни янада мустаҳкамлаб, янги лойиҳалар устида изланишга ундамоқда. Хориждан келтирилаётган мева кўчатларини ўзимизда кўпайтириш бўйича ҳам муайян тажриба орттирдик. Айни пайтда 7 гектар ерда пайвандлаш йўли билан кўкартирилган 170 минг тупдан зиёд гилос кўчати, уларни экиш учун 94 гектар майдон ҳозирлаб қўйилган. Кўчатлар август ойи охиригача ўтқазилади. Лойиҳанинг кейинги босқичига кўра, келгуси йил баҳорда 424 гектар майдонга экиш учун 600 минг туп кўчат пайвандлашга тайёр қилиб қўйилди. Кўчатларни шу ернинг ўзида етиштиришдан кўзда тутилган мақсад катта миқдордаги валютани тежаш билан бирга, маҳаллий боғдорчилик хўжаликлари учун кўчат етказиб берадиган база, илмий-амалий ўқув маркази сифатида хизмат кўрсатишни йўлга қўйишдир.

Боғдаги 2х4 схемада экилган гилос ва бошқа мева кўчатлари қатор ораларида умуман бегона ўт йўқ. Масъулияти чекланган жамиятда 80 га яқин киши муқим иш билан таъминланган. Шунингдек, 3000 га яқин мавсумий ишчи жалб этилади.

Томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган бўлиб, жуда катта майдондаги ҳар бир мева дарахти қаторига ингичка ва юмшоқ қувурлар тортилган ёки қарийб 500 гектар ердаги боғ устини дўл, жазирама ва турли зараркунандалардан муҳофаза қилиш учун махсус тўр билан ёпишга мўлжаллаб минглаб бетон устунлар ўрнатилган. Томчилатиб суғориш тармоғига сув компьютер билан бошқариладиган 3 насос станцияси орқали етказиб берилади. Оддий усулда суғорилганда гектарига 120 литр сув сарфланса, томчилатиб суғоришда бу кўрсаткич атиги 40 литрни ташкил этади, яъни сув тежамкорлигига эришилади.

– Боғ уч кунда бир марта, 2-4 соат давомида суғорилади ва соатига бир гектарга ўртача 4 литр сув сарфланади, – дейди жамият иш бошқарувчиси Эркин Нишонов. – Бунга боғни минерал ўғитлар билан тўйинтириш ҳам сув орқали амалга оширилаётгани қўшилса, ўғит ва уни ерга солишда ишлатиладиган техника воситалари сарф-харажатлари ҳам анча қисқараётгани аён бўлади. Ўғитнинг сув билан тўғридан-тўғри дарахтнинг илдизига бориши самарадорликни оширади.

Корхонада янги усул, яъни ниҳолни ёнбошлатиб экиш усули қўлланмоқдаки, бу дастлаб кишини ҳайрон қолдиради. Бундан мақсад нима деган саволимизга Э.Нишонов шундай жавоб берди:

– Италияга тажриба алмашгани борганимизда хорижлик бир олим бизнинг гилос плантациямиз катталигини эшитиб, ҳайрон бўлди. Негаки, унинг худди шундай мева етиштириладиган боғи бир гектар атрофида экан, холос. Шунча майдондаги ҳосилни қандай йиғиштириб оласизлар, бу жуда катта муаммо-ку, деб сўради. Мана шу мулоҳазадан сўнг турли изланишлар натижасида кўчатни Уфа усулида, яъни ёнбошлатиб экишни жорий қилдик. Бу пишган гилосни қисқа вақтда териб олиш, боғнинг умрини узайтириш ва ҳосилдорликни оширишнинг самарали усулидир. Айни пайтда "Uzbek cherry” лойиҳаси устида қизғин иш олиб борилмоқда. Умумий қиймати 45 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳага мувофиқ, 2018 йилда гилосзор интенсив боғнинг умумий майдони 1000 гектарга етказилиб, ишчиларимиз сони 500 дан ошади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, боғдан 10 минг тонна сифатли мева олиниб, 30 миллион доллар атрофида экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади.

“Gold fresh fruits”нинг логистика марказини ташкил қилиш бўйича ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳага кўра, барпо этиладиган корхонада мева-сабзавотни замонавий технологиялар асосида қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш йўлга қўйилади.

– Давлатимиз раҳбарининг соҳага алоҳида эътибори бизга катта рағбат ва мадад бўлмоқда, – дейди “Gold fresh fruits” масъулияти чекланган жамияти муассиси “GDF” бирлашмаси бош директори Муродхон Валиев. – Президентимиз жорий йил 7-8 июль кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида жамиятимиз томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишар экан, уларни янада такомиллаштириш юзасидан кўрсатма ва маслаҳатлар берди. Интенсив боғларни янада кенгайтириш ташаббусини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини билдирди. Шундан келиб чиқиб, 2018-2019 йилларда яна минг гектар интенсив боғ яратишни мақсад қилиб қуйдик, шунда жами боғларимиз ер майдони 2000 гектар бўлади. Бу эл-юртимиз дастурхонининг янада тўкин бўлиши, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
4 107






Все о погоде - Pogoda.uz