ЎзА Ўзбек

31.05.2019 Чоп этиш версияси

Инсофли солиқ тўловчи: у қандай бўлади?

Инсофли солиқ тўловчи: у қандай бўлади?

Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида солиқ тўловларини ўз вақтида ундириш, солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси, Тошкент Ислом академияси, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Навоий вилояти вакиллиги ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда солиқ маъмурчилиги бўйича амалга оширилаётган ишлар, Ислом динида солиқ ва бошқа тўловларни давлат бюджетига йўналтириш борасида сўз юритилди.

Мамлакатимизда солиқ тизимидаги ислоҳотлар натижасида солиқ турлари камайтирилиб, солиққа тортиш механизми янада содалаштирилди. Шу боис, кейинги йилларда инсофли солиқ тўловчи тушунчаси пайдо бўлиб, солиқларни мажбурий ундириш эмас, балки уни солиқ тўловчининг ўз хоҳиши билан амалга оширишга эришиш бугун бош мақсадга айланиб бормоқда. 

Муқаддас Ислом динида ҳам солиқ бўйича тушунчалар алоҳида қайд этилган. Чунки мавжуд қонун-қоидаларга амал қилиш, харидорга нисбатан хушмуомалада бўлиш аввало ўша ерда кут-барака бўлишига замин яратади.

Таъкидланганидек, неъматларга шукрона келтириб яшашда хикмат катта. Афсуски, айрим тадбиркорлар, савдо-сотиқ билан шуғулланувчи кишилар назорат касса машиналарини ишлатмасдан, тўлов терминалларини яшириш орқали фаолият кўрсатиб келаётгани ҳам кузатилган. Учрашувда ана шундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича ҳам фикрлар билдирилди.

Шунингдек, тадбирда Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Азамат Бозоров бугунги кунда Навоий вилоятининг бир ойлик солиқ салоҳияти 700 миллиард сўмни ташкил этиб, шундан юз миллиард сўмини Навоий шаҳри тадбиркорлари амалга ошириши хусусида тўхталиб ўтди.

Учрашув давомида тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга Давлат солиқ бошқармаси мутасаддиларидан атрофлича жавоб олдилар.

photo5438435977476549427.jpg

photo5438435977476549426.jpg

photo5440562454439504320.jpg

5 060
ЎзА