Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.04.2017 18:25 Чоп этиш версияси

Инновацион технологиялар – иқтисодий ўсишнинг муҳим омили

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси ва “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компанияси ҳамкорлигида “Реал секторда ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилишда инновацион технологиялар” мавзусида илмий-амалий анжуман ташкил этилди.

Университет ректори Б.Ҳодиев ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги фармони билан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида макроиқтисодий мутаносибликни сақлаш, қабул қилинган ўрта муддатли дастурлар асосида таркибий ва институционал ўзгаришларни чуқурлаштириш ҳисобига ялпи маҳсулотнинг барқарор юқори ўсиш суръатларини таъминлаш вазифаси қўйилганлиги ва олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимизни модернизация қилиш ҳамда ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш бўйича изчил ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Ушбу устувор вазифани самарали ҳал қилиш учун мустақиллик йилларида амалга оширилган ислоҳотлар натижалари ва уларни янада чуқурлаштириш йўллари ҳамда воситаларини баҳолаш муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги кунда иқтисодиётимизда етакчи ўринни эгаллаб келаётган нефть ва газ кимёси, нефть-газ машинасозлиги, автомобилсозлик, замонавий қурилиш материаллари саноати, темир йўл машинасозлиги, маиший электроника, фармацевтика, юқори технологияларга асосланган озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати каби соҳа ва тармоқлар жадал ривожланмоқда. Экспорт таркибида тайёр маҳсулотлар улуши 70 фоиздан зиёдни ташкил этмоқда.

Ҳозир жамиятимизнинг қудратли таянчига айланиб бораётган мулкдорлар синфи жадал ривожланиб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 56,5 фоизга етди.

Конференцияда Ҳаракатлар стратегиясининг учинчи йўналиши ҳисобланган мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантириш ва либераллаштириш бўйича мақсадли вазифалар қўйилганлиги қайд этилди. Ҳудудлар, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ҳолда ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш орқали мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларига хорижий сармояларни фаол жалб этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Анжуманда макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш йўналишлари, кичик бизнеснинг инновацион технопаркларини ташкил қилиш, реал сектор корхоналарида инновацион технологиялардан самарали фойдаланишда лизинг хизматларининг ўрни, ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялашда инновацион технологиялардан самарали фойдаланиш, янги маҳсулот ва технология турларини ўзлаштириш асосида ички ва ташқи бозорларда миллий товарларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспортини ривожлантириш, маҳсулотлар экспортини амалга оширишда халқаро сифат стандартларини жорий этиш каби мавзуларда маърузалар тингланди.

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.

Нурилло Насриев, ЎзА
4 532






Все о погоде - Pogoda.uz