ЎзА Ўзбек

06.07.2019 19:32 Чоп этиш версияси

Импорт бож ставкаларини оширилиши – маҳаллий ишлаб чиқарувчилар рақобатбардошлигини заифлаштиради

Импорт бож ставкаларини оширилиши – маҳаллий ишлаб чиқарувчилар рақобатбардошлигини заифлаштиради

2019 йилнинг 3 июл куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг импорт бож ставкаларини оптималлаштириш бўйича таклифи эълон қилинди. Унда таъкидланишича, мавжуд божхона божлари ставкалари иқтисодиётнинг реал секторини ривожлантириш учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Яъни, товарларнинг импорти фойдали бўлишига хизмат қиладиган ва ишлаб чиқариш корхоналари ўзларининг инвестицион жозибадорлигини йўқотиб, тайёр маҳсулотлар импортига йўналтирилган вазият юзага келган.

Шундан келиб чиқиб ҳамда кўплаб тадбиркорлар, ишлаб чиқарувчилар ва ишбилармонлар билан учрашувлар ва давра суҳбатлари орқали ўтказилган муҳокамалар натижаларига асосан, импорт бож ставкаларини қайта кўриб чиқиш ва оптималлаштириш бўйича ҳукумат қарори лойиҳаси қуйидаги тамойиллар асосида келишиб олинган:

- табиий ҳом ашё ва муҳим ижтимоий аҳамиятга эга бўлган товарлар (дон, ун, руда ва металл концентратлар) - 0%лик божхона пошлинаси ставкаси;

- ҳом ашё товарлари; республикада ишлаб чиқарилмайдиган маҳсулотлар; ижтимоий аҳамиятга молик маҳсулотлар; охирги 3 йил ичида импорт қилинмаган маҳсулотлар - 2%дан 5%гача;

- табиий ва иқлим шароитларидан келиб чиқиб, ишлаб чиқарилиши самарасиз ёки иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмас, деб ҳисобланадиган ярим тайёр ёки тайёр маҳсулотлар; мамлакатда ишлаб чиқарилаётган ва қайта ишланаётган, аммо мавжуд талабларга жавоб бермайдиган озиқ-овқат маҳсулотлари; ишлаб чиқариш ҳажми ортиб бораётган товарлар; инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатадиган озиқ-овқат маҳсулотлари - 10% дан 15% гача;

- етарли миқдорда ишлаб чиқарилаётган ва экспорт қилинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари; республикадаги истеъмол талабини қоплайдиган ҳажмда ишлаб чиқарилаётган якуний истеъмолдаги тайёр маҳсулотлар; инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатадиган ҳашамат учун истеъмол қилинадиган ва биринчи ўринда зарур ҳисобланмайдиган маҳсулотлар - 20% дан 30% гача.

Шу билан бирга, республикада ишлаб чиқарилмайдиган 197 та товарлар учун бож ставкаларини пасайтириш режалаштирилмоқда. Жумладан, 89 та товарлар позициясида - 5% дан 2% гача, 79 тасида - 10% дан 5% гача, 7 тасида - 20% дан 2% гача божхона пошлинасини тушурилиши кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, бозор конъюктураси шароитларини ҳисобга олган ҳолда 2 818 та товарлар учун божлар миқдори ўзгаришсиз қолдирилмоқда.

1546945890_1505895768_b4409de506741157e7f3f7327f215df9.jpeg

Импорт бож ставкаларини оптималлаштириши ва оширилиши, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг “ибтидоий усул”да (протекционестик) ҳимоя қилиниши борасидаги тадбирлар кенг жамоатчилик, мустақил экспертлар томонидан интернет нашрлар ва ижтимоий тармоқларда танқидий муносабатга ва кескин мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, қабул қилинаётган қарор биринчи навбатда, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор йўналишларга, жумладан самарали рақобатбардош муҳитни шакллантириш ҳамда маҳсулот ва хизматлар бозорида монополияни босқичма-босқич камайтиришга қаратилган ислоҳотларга зид бўлмаслиги лозим.

Иккинчидан, импорт бож ставкаларининг оптималлаштирилиши ва оширилишидаги муҳим қарор қабул қилинишида бир томонлама ёндашув орқали эмас, балки унинг натижалари қандай оқибатларга олиб келишини чуқур таҳлил қилган ҳолда кенг муҳокама қилиниши мақсадга мувофиқдир.

Жорий йилнинг 29 июнь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида тадбиркорлар, ишлаб чиқарувчилар ва ишбилармонлар иштирокида божхона тўловлари миқдорини ошириш масаласига бағишлаб ўтказилган муҳокамада ҳам масала бир томонлама манфаатдан келиб чиқилган ҳолда муҳокама қилинган, назаримизда. Яъни, унда асосан божхона ставкаларини ошириш эвазига маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажми ва ишлаб чиқарувчиларнинг салоҳиятини оширишдан кўпроқ манфаатдор идоралар, шунингдек, маҳсулотларини асосан давлат ҳимояси остида реализация қиладиган маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар вакиллари иштирок этишган. Бу эса, ўз-ўзидан фикрларда бирёқламаликка асос демакдир.

Жаҳон тажрибасидан маълумки, божхона ставкаларининг оширилиши биринчидан, мамлакат иқтисодиётининг либераллашувини камайтириб, эркин бозор механизмлари тўлақонли ишламаслигига олиб келади. Натижада, ушбу ҳолат мамлакат иқтисодиёти орқага кетишига сабаб бўлиши мумкин.

Иккинчидан, ривожланаётган давлатларда импорт божлари ставкалари оширилиши импорт товарлари оқимини камайтиришга эмас, балки ўша давлатда контрафакт товарлар, “кулранг” тизим ва коррупция авж олишига олиб келиши мумкин.

uzbekistan_otmenil_poshliny_i_akcizy.jpg

Учинчидан, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ташқи рақобатдан вақтинча (2-3 йил) ҳимоя қилиш, аслида, айнан ўша корхоналар ривожини шунча вақтга тўхтатиб қўйиш билан баробар. Яъни, маҳаллий ишлаб чиқарувчи рақобат йўқлигидан фойдаланиб, маҳсулот сифатига, уни янгилашга эътибор қаратмай, бозорда ўзи белгилаган нархда, зўр бериб кўпроқ маҳсулот ўтказиб қолишга интилади.

Биргина мисол, “GM Uzbekistan” заводи автомобилларига талаб юқори бўлган пайтда, маҳсулот сифатига, маҳсулотини такомиллаштиришга, таннархини туширишга етарли эътибор қаратилмаганлиги туфайли ҳозирги кунда ушбу автомобиллар маънан эскирди, автомобил сифатини ошириш ва замонавий қулайлик, функцияларни қўшиш эса, таннархни ошишига олиб келади. Натижада ҳосил бўладиган нархни эса бозор кўтармайди. Пировардида, “GM Uzbekistan” Россия, Қозоғистон бозорларидаги ўз ўрнини бошқа рақобатбардош, арзон, замонавий автомобил ишлаб чиқарувчиларига бўшатиб берди, амалда.

Тўртинчидан, ички бозорда муқобил товар йўқлиги туфайли мамлакат аҳолиси юқори нархдаги, сифатсиз, маънан эски маҳсулотларни сотиб олишига мажбур бўлади. Оқибатда, аҳоли турмуш даражаси юқори нархга ҳамоҳанг тарзда пасайиб боради. Яъни, истеъмол қилинаётган товарнинг нархи қанча юқориласа, уни сотиб олаётган аҳоли шунча қашшоқлашади.

Бешинчидан, импорт орқали ишлайдиган “ҳалол” тадбиркорлар учун “ноҳалол” рақобат муҳити яратилади. Улар “контрафакт” товарлар билан кескин кураш олиб боришига мажбур бўлади.

Бизнингча, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар давлат томонидан протекционистик усулда эмас, балки замонавий, бошқаларга зарарли бўлмаган иқтисодий усулларда ҳимоя қилиниши мақсадга мувофиқдир.

Жумладан, импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларга давлат томонидан ҳом ашё, материаллар сотиб олиши учун ёки айланма маблағларини шакллантириши, замонавий энергоэффектив жиҳозлар сотиб олиши учун керакли молиявий ресурс ва субсидиялар ажратилиши кўпроқ самарали натижа беради.

w1056h594fill-1-1.jpeg

Масалан, Жанубий - Шарқий Осиё давлатларида кичик ва ўрта корхоналар (кичик ва ўрта бизнес) давлат томонидан субсидиялар орқали қўллаб-қувватланадилар. Субсидиялар қуйидаги йўналишларга ажратилади:

тармоқларнинг инновацион ривожланиши;

янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, ходимларни илмий-тадқиқот ишларига жалб этиш; миллий ишлаб чиқарувчилар товарларини тарғиб қилиш;

инфратузилмани яратиш, халқаро бозорда товарларни илгари суриш;

маҳсулот сифатини яхшилаш;

янги ишлаб чиқариш технологияларини янги илмий принципларга, шунингдек экологик талабларга мувофиқ жорий этиш;

техник янгилашни молиялаштириш;

технологик паркларни яратиш ва бошқалар.

Шунингдек, Хитойда кичик ва ўрта бизнес субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида махсус давлат жамғармаси ташкил этилган;

Ҳиндистонда эса, ҳукумат чарм саноати ривожланишининг комплекс дастурини қабул қилган бўлиб, ишлаб чиқаришни кенгайтириш (модернизация қилиш) субсидиялар шаклида амалга оширилади. Шунингдек, дастурлар саноат учун технологияларни ривожлантиришга жалб қилинган янги тадқиқот институтларини ташкил этиш ва мавжудларини кенгайтиришни ҳам кўзда тутади.

Кореяда юқори технологик материалларни ишлаб чиқариш учун саноат экотизимларини ривожлантириш ва тижоратлаштириш бўйича давлат томонидан грантлар ажратилади.

Ва ниҳоят, Туркияда саноат корхоналарини қўллаб-қувватлаш мақсадида, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш агентлиги (KOSGEB) иштирокида фоизсиз давлат кредитларини бериш тартиби жорий этилган.

Санаб ўтилган мамлакатлар иқтисодий кўрсаткичлари ҳақида эса, алоҳида тўхталиб ўтиришга ҳожат йўқ, фикримизча.

Шунингдек, глобаллашув фонидаги эркин бозор шароитида замонавий, рақобатдош маҳсулот ишлаб чиқаришнинг технологик жараёнлари бир давлатда бошланиб, бир неча давлатда давом этиб, якуний босқичи яна бошқа давлатда якунланмоқда.

Шундай экан, айни пайтда биз турли протекционистик усуллар билан ушбу технологик жараён занжирини узиб қўйиш орқали эмас, балки замонавий инновацион технологиялар, шу билан бирга мамлакатимизга интелектуал, инвестицион ресурслар оқимини ортишига хизмат қилувчи қулай шароит яратишимиз кўпроқ муҳимдир.

Сўнгги сўз ўрнида: “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижроси ҳақида фуқароларнинг фикрларини ўрганишга қаратилган “fikr.strategy.uz” портали ишга туширилган.

Ундаги саволлардан бири айнан маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни божхона тўловлари орқали ҳимоялашга аҳоли муносабатини аниқлашга қаратилган. Мазкур муносабат тайёрланиш жараёнида ушбу савол алоҳида ажратиб олиниб, ижтимоий тармоқлар орқали алоҳида сўровнома шаклида кўпчилик эътиборига ҳавола этилди. Икки сутка давомида 30 мингдан ортиқ киши унга эътибор қилган бўлса, 6257 та одам овоз берди. Шундан оз эмас-кўп эмас, 87 фоизи, яъни 5443 нафар қатнашчи “салбий, монополия кучаяди, нархлар кўтарилади” жавобини танлаган. “Ижобий, мамлакатнинг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳияти ортади, янги иш ўринлари яратилади” деган жавоб эса, атиги 814 та овоз олди. Бу умумий овозларнинг 13 фоизи демакдир.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, “Тараққиёт стратегияси” маркази ушбу масалани яна бир бор қайта кўриб чиқиш, бунда илғор мамлакатлар тажрибасини инобатга олиш, асосийси, мамлакатимизда кўп йиллар мобайнида амалда бўлиб келган сунъий ҳимоя натижаларини инобатга олиш, ва албатта, аҳоли фикрига ҳам эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблайди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази


ЎзА
6 160