ЎзА Ўзбек

21.07.2020 Чоп этиш версияси

Илон Маск энг бой одамлар рўйхатида кучли бешликка кирди

Илон Маск энг бой одамлар рўйхатида кучли бешликка кирди

“Forbes” талқинига кўра, америкалик тадбиркор, “Tesla” ва “SpaceX” компаниялари асосчиси Илон Маск илк бор дунёнинг энг бадавлат кишилари пойгасида 5-ўринга кўтарилди. Бу ҳақда нашр сайтида эълон қилинди.

“Forbes” мутахассислари Маскнинг давлати 74,2 миллиард долларга тенглигини айтишган.

Хабарда қайд этилишича, март ойи ўрталарида Илон Маск мазкур рўйхатнинг 31-поғонасида эди. Ўтган давр мобайнида, аниқроғи 2020 йил бошидан “Tesla” акциялари қарийб 300 фоизга қимматлашди ва натижада миллиардернинг бойлиги уч баравар ошиб кетди.

“Forbes Real-Time” томонидан тақдим этилган сўнгги ҳисоб-китобларга қараганда ер юзининг энг бадавлат кишилари рўйхати бошидаги учликни “Amazon” компанияси бошлиғи Жефф Безос 189 миллиард доллар билан бошқариб турибди.

2-ўринда “Louis Vuitton Moët Hennessy” (LVMH) раҳбари Бернар Арно боряпти, унинг маблағи 113, 8 миллиард долларга баҳоланган. 3-поғонада қайд этилган “Microsoft” асосчиси Билль Гейтс эса «бор-йўғи» 113,4 миллиард долларга эгалик қилмоқда.

“Facebook” хўжайини Марк Сукерберг ҳам ўзининг 90,3 миллиард доллари билан ҳозирча Маскни ортда қолдиряпти.

Рўйхатда олтинчи бўлиб 72,2 миллиард доллар тўплаган“Microsoft”нинг собиқ раҳбари Стив Балмер номи келтирилган.

9 404
ЎзА