ЎзА Ўзбек

08.02.2018 11:39 Чоп этиш версияси

Илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини ривожлантириш бўйича белгиланган чора-тадбирларнинг бажарилиши ҳақида

2017 йилнинг 1 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида" қарори қабул қилинган эди.

Мазкур қарор билан 2017-2021 йилларда илмий-тадқиқот муассасаларининг инфратузилмасини мустаҳкамлаш ва инновацион фаолиятини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тасдиқланган бўлиб, унда илмий-тадқиқот муассасаларининг фаолиятини такомиллаштириш, академик фан билан олий таълим муассасаларидаги ўқув жараёнини интеграциялашувини янада чуқурлаштириш ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларининг самарали ишлашлари бўйича зарурий чораларни амалга ошириш йўналишлари белгилаб берилган.

Шунингдек, 2018-2021 йилларда илмий-тадқиқот муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш дастури тасдиқланиб, дастур доирасида илмий-тадқиқот муассасаларининг бино ва иншоотларини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш учун 116 млрд. сўм (шундан: жорий йилда 26.5 млрд. сўм), илмий ва лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш учун 30.4 млн. АҚШ доллари (шундан: жорий йилда 7.3 млн. АҚШ доллари) ва керакли бутловчи қисмлар, харажат материаллари ва реактивлар харид қилиш учун 1.9 млн. АҚШ доллари (шундан: жорий йилда 0.5 млн. АҚШ доллари) миқдорида маблағлар молиялаштирилиши назарда тутилган.

Бундан ташқари, 2018 йилдан бошлаб вазирлик ва идораларнинг гуманитар ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга давлат илмий-тадқиқот муассасалари бино ва иншоотларини сақлаш харажатларини Давлат бюджети ҳисобидан базавий молиялаштириш асосида ташкиллаштириш кўзда тутилган бўлиб, ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни ҳақида маълумотлар тақдим этиб борилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги


10 258