ЎзА Ўзбек

08.01.2019 12:42 Чоп этиш версияси

Иккинчи босқичда 22 миллиард сўмлик ип-йигирув ва мато ишлаб чиқариш цехи барпо этилади

Иккинчи босқичда 22 миллиард сўмлик ип-йигирув ва мато ишлаб чиқариш цехи барпо этилади

Сирдарё вилояти Сайхунобод туманидаги Нурли йўл маҳалласида “Гули модалар дунёси” масъулияти чекланган жамиятининг бир неча тармоқли корхонаси ўз фаолиятини бошлади.

photo5307765716369386036.jpg

Қишлоқ жойларда барпо этилаётган тадбиркорлик субъектларининг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани ва барқарор ишлаши учун зарур имкониятлар яратиб берилаётгани янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилаётир.

Буни Сайхунобод туманидаги “Гули модалар дунёси” масъулияти чекланган жамияти фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Янги иш бошлаган жамиятга қарашли корхонага 100 замонавий тикув машинаси, қандолатчилик маҳсулотлари ва нон ишлаб чиқариш жиҳозлари ўрнатилди.

Тижорат банкидан олинган 450 миллион сўм кредит маблағи ва тадбиркор Гулчеҳра Файзуллаеванинг ўз маблағи ҳисобига ташкил этилган тикувчилик, қандолатчилик ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехларида асосан тумандаги Нурли йўл, Бахмал сой, Пахтакор ва ушбу маҳаллаларга яқин қишлоқларнинг хотин-қизлари меҳнат қилади.

– Биз иш бошлаган бинода бундан 15 йил муқаддам мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатган, – дейди ёш тадбиркор Гулчеҳра Файзуллаева. – Вақт ўтиб, объект ташландиқ аҳволга келиб қолган. Қишлоқ аҳолиси ундан молхона сифатида фойдаланган. Туман ҳокимлиги балансидаги ушбу бинони ижарага беришларини сўраб мурожаат қилдим. Туман ҳокими бизнес лойиҳам билан танишиб, таклифимга рози бўлди. Бинони тубдан қайта таъмирдан чиқардик. Ҳозир бу ерда болалар ва аёллар либослари, қандолатчилик ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқаряпмиз. Айни пайтда цехда туманимиздаги 6 маҳалладан 150 нафар хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Уларнинг аксарияти коллеж битирувчиларидир.

Корхона ишлаб чиқарган маҳсулотлар ҳозирча ички бозорда сотилади. Бу лойиҳанинг биринчи босқичини ташкил этади. Иккинчи босқичда лойиҳа қиймати 22 миллиард сўмлик бўлган ип-йигирув ва мато ишлаб чиқариш цехи барпо этилади. Хомашёни масъулияти чекланган жамиятнинг ўзи етиштиради. Шунда маҳсулот таннархи ҳам арзонлашади, даромад ҳам ортади ва, энг муҳими, тайёр маҳсулотларни тўғри хорижий давлатларга экспорт қилиш учун имконият туғилади.

Абдужалол Қаюмов, ​Фурқат Тошматов (сурат), ЎзА​
4 876