ЎзА Ўзбек

28.02.2019 Чоп этиш версияси

Иқтисодиётимизда инфляциянинг ўрни қандай?​

Иқтисодиётимизда инфляциянинг ўрни қандай?​

Миллий матбуот марказида Давлат статистика қўмитаси томонидан “Инфляция: моҳияти, сабаблари ва намоён бўлиш шакллари ҳамда иқтисодиётдаги ўрни” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, Инфляция барча товар ва хизматларга бўлган нархларнинг кўтарилишидир. Инфляция даражасини ҳисоблашда асосан нархларнинг ўсиш динамикасини ифодаловчи кўрсаткичлардан фойдаланилади. Инфляцияни ҳисоблашда асосий кўрсаткич – нарх индекси ҳисобланади.

Истеъмол нархлари индекси (ИНИ) – инфляция даражасини ифодалайдиган асосий кўрсаткичлардан бири бўлиб, ўртача истеъмолчи харид қиладиган товар ва хизматларнинг ўзгармас тўплами қийматининг умумий ўзгаришини ҳисоблайди.

Маълумотларга кўра, 2018 йилнинг январь-декабрь ойлари давомида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 14,9 фоизга қимматлашди. Бу эса, ўз навбатида, умумий ИНИнинг ўсишига 6,4 фоиз таъсир этди. Биргина, нон, гўшт, сут ва мева-сабзавот маҳсулотлари нархларининг қимматлашиши натижасида ИНИнинг ўртача 5,5 фоизга ошишига олиб келди. 

Ноозиқ-овқат товарлари нархларининг 12,5 фоизга ошгани ИНИнинг 4,4 фоиз ўсишига олиб келди. Кийим-кечак, пойабзал, газлама ва эшилган иплар, қурилиш моллари, дори-дармонлар, автомобиллар учун ёқилғи ва ёқилғи маҳсулотлари, шахсий гигиена маҳсулотлари нархларининг ошиши жами ИНИнинг 20,4 фоизга тенг бўлди ёки инфляциянинг умумий ўсишига 3,5 фоизда таъсир қилди.

Шунингдек, мамлакат аҳолисига хизмат кўрсатиш бўйича нархлар ва тарифлар йил давомида ўртача 15,8 фоизга ошган.

– Ҳар ойнинг якунида инфляция даражаси, нарх-наво кўрсаткичларига оид маълумотлар қўмитанинг www.stat.uzрасмий сайтида жойлаштириб борилади, – дейди Давлат статистика қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Усмон Абдурасулов. – Шунингдек, Давлат статистика қўмитаси томонидан мунтазам равишда мамлакатнинг етакчи олий ўқув юртларида ўтказилаётган семинарлар ва давра суҳбатларида ҳам инфляция даражаси кўрсаткичларига оид маълумотлар эълон қилиниб, оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилмоқда.

Матбуот анжумани давомида мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва уларнинг натижалари бўйича қиёсий статистик таҳлиллар тақдим этилди.

Тадбирда журналистларни қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоб берилди.

9 404
Г.БОБОЕВА, ЎзА мухбири