Иқтисодиётимиз реал сектори ютуқларининг намойиши
Тошкентда IX Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси иш бошлади.
Тошкентда IX Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси иш бошлади.Ушбу йирик саноат форуми Президентимиз Ислом Каримовнинг 2007 йил 12 ноябрдаги «Ички тармоқ ва тармоқлараро саноат кооперациясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони, 2009 йил 1 декабрдаги «Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда 2013 йил 29 январдаги «Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг рақобатдошлилигини янада ошириш ва товарларни республикага ноқонуний олиб киришга қарши курашни кучайтириш тўғрисида»ги қарорларига мувофиқ ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У.Розуқулов тадбирнинг очилиш маросимида мустақилликнинг дастлабки йилларидан иқтисодиётни таркибий ўзгартириш ва диверсификация қилиш, юқори технологиялар асосида тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларнинг рақобатбардошлигини ошириш, экспортни кенгайтириш мамлакатимизни ривожлантиришнинг муҳим вазифалари сифатида белгиланганини таъкидлади. Инновациялар ва инвестицияларнинг кенг жалб қилиниши самарасида ишлаб чиқариш изчил ривожланиб, маҳсулот ва хизматлар жаҳон бозорига чиқмоқда.
Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар ижобий самара бераётганидан далолатдир. Ушбу тадбир жорий йилда мазмунан янада бойиди. Бунга қадар ўтказилган ҳудудий ва тармоқлар саноат ярмаркаларида тузилган шартномалар, жумладан, экспорт битимлари сони сезиларли равишда ошди. Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси дирекцияси маълумотларига кўра, саноат форумининг 4,8 мингдан ортиқ маҳаллий корхоналар иштирок этган дастлабки босқичи билан 89 мингдан зиёд киши, жумладан хорижий компаниялар вакиллари танишди. Стендларда намойиш этилган 22 минг турдан ортиқ маҳсулотнинг 710 таси янги маҳсулотлардир.
2015 йилги ҳудудий саноат ярмаркаларида қиймати 377,5 миллиард сўмлик шартномалар имзоланди. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан 24,5 фоиз кўпдир. Экспорт шартномалари қиймати эса 180,8 миллион долларни ташкил қилди ва бу ўтган йилдагига нисбатан 8,4 фоиз ортиқ. Тармоқ саноат ярмаркалари якунлари бўйича умумий қиймати 617,9 миллиард сўмлик, яъни ўтган йилга қараганда 5,2 фоиз кўп шартномалар имзоланди.
«Ўзэкспомарказ» кўргазма майдонларида IX Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси доирасида 2 мингдан зиёд фирма ва компания, йирик саноат корхоналари 21 минг турдан ортиқ маҳаллийлаштирилган ёки ўзлаштириш учун таклиф этилаётган маҳсулотларни намойиш қилмоқда. Иштирокчиларнинг таъкидлашича, 2015-2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш давлат дастури ҳамда 2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш чора-тадбирлари дастури импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш жараёнида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мамлакатимиз йирик саноат корхоналари, жумладан, Олмалиқ кон-металлургия комбинати стендлари ҳар йилгидек, ўзининг кенг кўлами билан ажралиб турибди. Жорий йилда комбинатда Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури доирасида қиймати 67 миллиард сўмлик 27 лойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳаларда ГРАТ туридаги насос, шахта вагончаси, шарли тегирмон, гидроциклон каби ускуналар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари, шунингдек, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш орқали рангли металл маҳсулотлари ва мис қувур, рух сульфати сингари юқори қўшимча қийматга эга товарлар, сантехника буюмлари учун аралаштиргич, жўмрак ва коллекторлар ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
«Ўзметкомбинат» акциядорлик жамияти рангли металлардан тайёрланган буюмлар, базальт плиталар, метиз ва бошқа кўплаб турдаги маҳсулотларни намойиш қилмоқда.
– Стендимизда жорий йилда Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури доирасида ўзлаштирилган ва экспорт қилинаётган, шунингдек, истиқболда ишлаб чиқариш кўзда тутилган маҳсулотлар намойиш этилмоқда, – дейди «Ўзметкомбинат» акциядорлик жамияти Ахборот маркази раҳбарининг ўринбосари Акмал Шарипов. – Мазкур саноат форумида иштирок этиш келгуси йилги режаларни бажаришда ва корхонамизнинг барқарор фаолият юритишида муҳим омил бўлмоқда. Масалан, шу йил ўтказилган ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида хомашё, материал ва ускуналар харид қилиш бўйича 5,6 миллиард сўмлик, тармоқ саноат ярмаркасида эса асбоб-ускуналар сотиб олиш ва хизмат кўрсатиш учун 6,5 миллиард сўмлик, шунингдек, ўз маҳсулотларимизни сотиш бўйича 5,6 миллиард сўмлик шартномалар туздик.
Бу галги саноат форумида кимё ва нефть-кимё саноати корхоналарининг кенг турдаги экспозицияси тақдим этилган. “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси стенди иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Компания стендида бурғулаш ва нефть-газ конлари ускуналари учун эҳтиёт қисмлар, турли нефть қувурлари, арматуралар, назорат-ўлчаш приборлари, пайвандлаш материаллари, кимёвий реагентлар ва бошқа кўплаб маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш имкониятлари билан танишиш мумкин.
“Ўзэкспомарказ”нинг очиқ майдонида кўплаб корхоналар, жумладан, “Ўзавтосаноат” акциядорлик компаниясининг ўттиздан ортиқ қўшма корхонасини ўз ичига олган Ўзбекистон автомобиль саноати маҳсулотлари намойиш этилмоқда.
Самарқанд автомобиль заводи ўзининг 10 турдаги маҳсулотини тақдим қилмоқда. Хусусан, атмосферага кам миқдорда зарарли газ чиқарадиган «LE60» шаҳар автобуси ва «Isuzu NRL» шассиси асосидаги тез тиббий ёрдам автомобили билан бир қаторда кам юк кўтарадиган машиналар ҳам намойиш этилаётир. Бундан ташқари, 12 ва 16 метрли телескопик автоминорали махсус техника, кўча тозалайдиган «NQR71PL» ихтисолаштирилган вакуумли машина ҳам тақдим этилган.
«GM-Uzbekistan» намойиш этаётган янги маҳсулотлар орасида «Labo» енгил автомобили ҳам бор. Бугун ушбу компанияда ўн русумдаги автомобиллар ишлаб чиқарилмоқда. Шунингдек, унинг таркибида автомобиллар учун зарур бутловчи қисмларни тайёрлайдиган ўнлаб замонавий корхоналар ҳам фаолият юритмоқда. Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш жараёнида заводда қарийб 320 та эскирган техника алмаштирилди.
Саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида экскаватор, трактор, тиркама ва осма қишлоқ хўжалик техникалари ишлаб чиқарадиган кўплаб корхоналар қатнашмоқда. «Claas» бренди остида «Dominator 130» комбайни, «Arion 630C» трактори ва бошқа техника турларининг имкониятларини намойиш қилаётган «Uz Claas Agro» қўшма корхонаси, тупроққа ишлов берадиган ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалик техника воситаларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган «Lemken Чирчиқ»қўшма корхонаси шулар жумласидан.
– Ярмаркада икки турдаги янги маҳсулот – «AXOS 340» русумли универсал чопиқ трактори ва ғўза парвариши учун мўлжалланган юқори унумли тракторни тақдим этмоқдамиз, – дейди «Uz Claas Agro» қўшма корхонасининг маркетинг ва савдо бўлими бошлиғи Аъзамжон Озодов. – Ушбу моделлар ўзбекистонлик муҳандис-конструкторлар чизмалари асосида Франциянинг қишлоқ хўжалиги машиналари ишлаб чиқарадиган корхоналари билан ҳамкорликда тайёрланди. Бугунги кунда мазкур техникалар мамлакатимиз далаларида синовдан ўтказилмоқда. 2017 йилда уларни оммавий ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси ҳам саноат форумининг доимий иштирокчиларидан биридир. Унинг стендида авиакомпания фойдаланаётган ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган, шунингдек, маҳаллий корхоналарга ўзлаштириш учун таклиф этилаётган маҳсулотлар намойиш қилинмоқда. Форум қатнашчилари авиакомпаниянинг йўловчи ва юк ташиш бўйича имкониятлари, “Навоий” аэропортидаги юк терминалининг юкларга ишлов бериш ва вақтинча сақлашга доир хизматлари билан танишиши мумкин.
Шунингдек, «Uzbekistan Airways Technics» авиакорхонасининг Ғарб давлатларида ишлаб чиқарилган самолётларга техник хизмат кўрсатиш, уларнинг таркибий қисмлари, ички ва ташқи томонини таъмирлаш, шунингдек, барча турдаги ҳаво кемаларини бўяш бўйича хизматлари намойиш қилинмоқда. Бундан ташқари, «Ўзаэронавигация» марказининг мамлакатимиз ҳаво кенгликларида парвозлар ҳаракатини ташкил қилиш, метеорологик асбоб-ускуналарни техник кузатиш, ташкилотлар ва хорижий ваколатхоналарга алоқа ҳамда аэронавигация маълумотларини тақдим этиш хизматлари таклиф этилган.
“Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти таркибидаги корхоналар стендлари ҳам гавжум. Мамлакатимизнинг деярли 130 тўқимачилик ва тикувчилик-трикотаж корхонаси техник ва аралаш матолар, ип ўраш учун мўлжалланган қоғоз конуслар, техник тасмалар ва бошқа кўплаб маҳсулотлар, шунингдек, трикотаж мато, тикувчилик-трикотаж ва пайпоқ маҳсулотлари, махсус кийимлар ва бошқа экспортбоп товарларни намойиш қилмоқда.
– Ўтган йилги Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасида соҳамиз корхоналари маҳсулот етказиб бериш бўйича қиймати 40,7 миллиард сўмдан зиёд шартномалар тузган эди, – дейди “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти ҳузуридаги Тўқимачилик маҳсулотлари рекламаси ва маркетинги агентлиги директори Даврон Акбаров. – Бу галги ярмарка якунида корхоналар қиймати ўтган йилги кўрсаткичдан уч баробар ошадиган миқдорда шартномалар тузишни режалаштирган.
2 ноябргача давом этадиган форум саноатчилар учун муҳим воқеадир. Чунки бу ерда тайёр буюмлар, асбоб-ускуналар, материаллар, хомашё харид қилиш ва етказиб бериш, ишлаб чиқариш хизматларини кўрсатиш юзасидан қўшимча савдо тендерлари ўтказмасдан шартномалар тузиш имконияти яратилган.
IX Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.Ибрагимов иштирок этди.