ЎзА Ўзбек

14.02.2019 Чоп этиш версияси

ИҚТИСОДИЁТ ЮРАГИ

ИҚТИСОДИЁТ ЮРАГИ

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланиши мамлакатда рақобат муҳитини пайдо қилиб, бозор шароитидаги турли ўзгаришларга тезда мослаша олиши, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида қўшимча иш ўринлари яратиши билан иқтисодий тараққиёт ва аҳоли фаровонлигида муҳим ўрин тутади.

Биринчидан, бозор иқтисодиётининг зарур шароитларига тезда мослашиб, чуқур ихтисослашув ва кооперациялашуви натижасида унинг юқори самарадорлигини таъминлайди.

Иккинчидан, бозордаги талаб ва таклиф мутаносиблигини ҳисобга олиб, аҳоли эҳтиёжи учун зарур бўлган товар ва хизматларни бозорга тезда етказа олиш имконияти юқорилиги билан ажралиб туради.

Учинчидан, рақобат муҳитини яратиш орқали истеъмолчилар учун арзон ва сифатли товар ва хизматлар таклиф қилади.

Тўртинчидан, бозор иқтисодиёти инвестициясиз мавжуд бўлмайдиган тадбиркорлик муҳити ва руҳини яратади.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг яна бир муҳим жиҳати, кучли рақобат муҳитида мудом ривожланишга мажбур бўлади. Бозорнинг жорий шартларига мослашишига тўғри келади, бошқа тадбиркорлик субъектларидан устун бўлиши уларнинг фойда миқдори ошиши манбаи ҳисобланади. Зеро, бозор иқтисодиёти инсонлар ўзлари истаганидек ҳаёт кечириши учун барчанинг тинимсиз ҳаракатда бўлишини талаб қилади.

Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бермоқда. Жумладан, қабул қилинаётган фармон ва қарорлар соҳа ривожи ва ишлаб чиқариш самарадорлигини янада оширишга хизмат қилаётир.

3073270.jpg

Таҳлилларга мурожаат қиладиган бўлсак, мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида самарали ва салмоқли ишлар қилинаётганини кўплаб мисолларда кўриш мумкин.

Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги "GENUS" масъулияти чекланган жамияти кўп тармоқли компанияси 2011 йилда ташкил этилган. Компания фаолияти дастлаб улгуржи савдо, хизмат кўрсатиш ва фармацевтика йўналишига йўналтирилган эди. Қонунчиликка мувофиқ, улгуржи савдо билан шуғулланиш учун етарли лимит шакллантирилгач, компания улгуржи савдо ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлди. "GENUS" МЧЖга қарашли бинонинг 2-қаватида улгуржи фармацевтика фаолиятини йўлга қўйиш учун капитал таъмирлаш ва қайта режалаштириш ишлари амалга оширилди. 2014 йилдан улгуржи фармацевтика фаолиятини бошлаган компания ўтган қисқа даврда бир қатор фармацевтик корхона ва ташкилотлар, жумладан, Россиянинг етакчи фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш компаниялари билан савдо алоқаларини йўлга қўйди. Йирик улгуржи харидорлар ва етакчи дорихона тармоқларига қиймати 4,5 миллиард сўмликдан ортиқ дори-дармон етказиб берилди. Бундан ташқари, қарийб 4 миллиард сўмлик улгуржи озиқ-овқат маҳсулотлари, истеъмол товарлари ва текстиль маҳсулотлари ҳам етказиб берилди.

Фармацевтика-из-Германии.jpg

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб, компания ўз фаолиятини янада такомиллаштирди. Жумладан, умумий овқатланиш тизими, интернет ва компьютер, маиший ва транспорт хизматлари, ўқув марказлари фаолияти натижасида 2011-2018 йилларда 1,8 миллиард сўмлик хизмат кўрсатилди. Турар ва нотурар жой объектлари қурилиши соҳасида ҳам 5 йил давомида 3,5 миллиард сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилди. Компаниянинг ушбу йўналишдаги фаолияти йилдан-йилга ривожланмоқда.

Юртимизнинг улкан туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш, туризм тармоғини бошқаришни тубдан такомиллаштириш, миллий туризм маҳсулотларини яратиш ва уни жаҳон бозорида кенг тарғиб қилиш, соҳага илғор инновацион ғоя ва технологияларни жорий этиш, инвестицияларни жалб қилиш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар ҳам юксак самара бераётир.

Президентимизнинг 2018 йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Халқаро ва ички туризм билан шуғулланиш ҳуқуқига эга компания 3 йилда 758 нафар халқаро сайёҳни қабул қилиш ва 1 минг 280 нафар маҳаллий сайёҳга хизмат кўрсатишга муваффақ бўлди. Даво туризми замонавий туризмнинг муҳим таркибий қисмига айланаётгани боис компания ходимлари Ҳиндистон туроператорлари, ушбу мамлакатнинг кардиология ва онкология соҳасидаги етакчи клиникалари билан музокаралар ўтказди. Ҳиндистонлик шериклар ушбу масалани ўрганиш мақсадида бир неча бор Ўзбекистонга келди. Узоқ вақт давом этган музокаралардан сўнг ҳиндистонлик кардиолог-шифокор компания билан ҳамкорлик қилишга розилик билдирди. Ҳиндистонлик ҳамкорлар билан биргаликда 30 дан зиёд беморга консультатив хизмат кўрсатилди. Улардан айримлари даволаниш мақсадида Ҳиндистоннинг етакчи клиникаларида бўлиб, у ерда юқори малакали тиббий хизматдан фойдаланиб қайтди. 

720_460_80_3543037876.jpg

Транспорт хизматлари кўрсатиш ва қурилиш соҳасида муайян тажрибага эга компания айни пайтда аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлаш ҳамда кичик шаҳарларга канализация тизими ўтказиш бўйича йирик халқаро тендерда иштирок этишни режалаштирмоқда. Энг муҳими, компания фаолият турини янада кенгайтириш, хорижий сармоядорларни жалб қилган ҳолда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва туризм соҳаларида янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, юзлаб иш ўринлари яратишга ҳаракат қилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида таъкидлаганидек, жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, қайси давлат фаол инвестиция сиёсатини юритган бўлса, ўз иқтисодиётининг барқарор ўсишига эришган. Шу сабабли ҳам инвестиция – бу иқтисодиёт драйвери, ўзбекча қилиб айтганда, иқтисодиётнинг юраги, десак, муболаға бўлмайди. Инвестиция билан бирга турли соҳа ва тармоқларга, ҳудудларга янги технологиялар, илғор тажрибалар, юксак малакали мутахассислар кириб келади, тадбиркорлик жадал ривожланади.

Мухтасар айтганда, “GENUS” МЧЖ кўп тармоқли компанияси ва у эришаётган натижалар мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасининг бир ифодасидир, холос. Юртимизда бундай компания ва ташкилотлар сони йилдан-йилга ортиб бораётганини эътиборга олсак, яқин истиқболда халқимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмаган замонавий шароитларда турмуш кечириши учун барча шароит ва имкониятлар муҳайё этилади. 

10 817
Алоуддин Ғаффоров, ЎзА