Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.04.2018 12:35 Чоп этиш версияси

Иқтисодчи эксперт Адҳам Шодмонов: “Пул алмашмаслиги учун жиддий сабаблар бор...”

Иқтисодчи эксперт Адҳам Шодмонов: “Пул алмашмаслиги учун жиддий сабаблар бор...”
Сайтимизда иқтисодчи эксперт Адҳам Шодмонов билан "Инфляциянинг яширилиши ёхуд пул алмашадими?" сарлавҳали суҳбат эълон қилинганди. 

Суҳбатда қачон ва қандай вазиятларда давлат пули ўзгариши мумкин? Агар шундай эҳтимол бўлса, одамлар қанча вақт олдин хабардор этилади? деган савол билан мурожаат қилган эдик.

Мазкур мавзу бир қатор ижтимоий сайтларда кенг муҳокама қилинди. Кўпчилик саволга жавобни турлича талқин қилиб, мавзу очиб берилмаганини маълум қилгач, экспертимиз бу мавзуга яна қайтиш истагини билдирди...

— Пул бозор шароитида хўжалик муомаласига чиқариладиган ва ишлатиладиган тўлов воситаси ҳисобланади ва бу доимий характерга эга. Нақдсиз пуллар тижорат банклар ўз мижозларига қарз берганида муомалага киритилади. Нақд пуллар эса банк мижозларга кассалар орқали берилади.

Бунда ҳар қайси мижоз, албатта, банк қарзларини қайтариши ва бошқа пул муомалалари (харидлар) учун банкларга пул топшириши шарт. Демак, бу ҳолатда муомаладаги пул миқдори ўзгармайди. Пул эмиссияси ҳолатида пулни муомалага чиқариш эса пул умумий миқдорининг ортишига олиб келади.

Одатда кредитлар, банкдаги бор пул ҳисобидан берилади. Бор пул эса – банкнинг ўз пули, жалб этилган манбалар - грант, омонат каби қарзлардан ташкил топади. Нархларнинг ёки ишлаб чиқаришнинг ўсиши муомалага яна пул чиқариш заруриятини юзага келтиради.

Эмиссиянинг ўсиши эса давлатнинг товар муомаласи талаби билан чамбарчас боғлиқдир. Бу тўғрисида аҳоли олдиндан хабардор қилинади. Мисол учун, жаҳон тажрибасида бир ой ёки бир ҳафта олдин.

Бундай талаблар турлича бўлиши мумкин. Кўплаб давлатларда буни бюджетнинг йирик миқдордаги тақчиллиги билан боғлашади. Қувонарлиси, Ўзбекистонда бундай тақчиллик кузатилгани йўқ. Ёки товарлар муомаласининг қисқариши, миллий ишлаб чиқариш суръатларининг тушиб кетиши ҳам сабаб бўлиши мумкин. 

Юртимизда аксинча миллий ишлаб чиқариш кун сайин ривожланиб бормоқда, демакки пул алмашади ёки синиши ҳақидаги барча миш-мишлар асоссиз.

Яна бир гап. Пул чиқаришда ўз-ўзидан эмиссиявий даромад олиш ҳам назарда тутилади. Хусусан, ўрта асрларда бу жараён тангаларнинг бузилиши билан ҳам боғлиқ бўлган. Чунки бундан катта даромад олинган. Кейинчалик қоғоз пуллар чиқарилишида ҳам катта даромад олина бошлаган, яъни қоғоз пуллар ўрнига номиналини ўзгартирмасдан шундай қийматли тангаларни зарб этиш ҳам катта даромад келтирган.

Сайёра Шоева, ЎзА
18 879