ЎзА Ўзбек

21.10.2019 Чоп этиш версияси

Гужарат бош вазири Самарқандга келди

Гужарат бош вазири Самарқандга келди

Самарқанд вилояти ҳокимлигида Ҳиндистоннинг Гужарат штати ишбилармон доира вакиллари ва самарқандлик тадбиркорлар иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди.

Дастлаб вилоят ҳокими Э.Турдимов Ҳиндистоннинг Гужарат штати бош вазири Вижай Рупани бошчилигидаги делегация аъзолари, ушбу юртнинг ўндан зиёд йирик компаниялар раҳбарларига мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берди. Хорижлик сармоядорлар учун яратилаётган қулай инвестиция муҳити, хорижий инвестиция жалб қилиш борасида вилоятда эришилаётган натижалар ҳамда вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ресурслари ҳақида батафсил маълумот берилди.

photo5289871340720991288.jpg

Вилоятдаги тиббиёт, енгил саноат, қурилиш, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги корхоналари, уларнинг иқтисодий салоҳияти, фаолияти, эришаётган натижалари, чет эл сармоясини киритиш учун мавжуд имконият ва шароитлар ҳиндистонлик ишбилармонлар эътибор марказида бўлди.

Бизнес-форум давомида меҳмонлар “Самарқандда ишлаб чиқарилган” номи остида тайёрланаётган саноат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳақидаги маълумотларга қизиқиш билдирди.

photo5289871340720991290.jpg

– Ушбу форум юртингизда очиқ иқтисодий сиёсат олиб борилаётганининг ёрқин намунаси, – дейди Гужарат штати бош вазири Вижай Рупани. – Бу бизнес-форумда ҳар икки томон учун манфаатли бўлган кўплаб шартномалар имзоланишига ҳамда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги иқтисодий алоқалар кенгайишига ишонамиз.

Бизнес-форум доирасида Самарқанд ва Гужарат ишбилармонлари ўртасида қатор инвестиция шартномалари ва келишувлар имзоланди.

7 243
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА