Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.01.2018 19:31 Чоп этиш версияси

Гулистонда 60 ўринга мўлжалланган уч юлдузли меҳмонхона иш бошлади

“Чеҳра палас” деб ном олган ушбу меҳмонхона тадбиркор Бунёд Қамбаров таъсисчилигида унга тегишли хусусий қурилиш фирмаси қурувчилари томонидан бунёд этилди.

Қаровсиз ва ташландиқ аҳволга келиб қолган бинони ноль қийматда сотиб олган тадбиркор собиқ “Кемпинг”ни уч юлдузли меҳмонхонага айлантиришнинг уддасидан чиқди. Меҳмонхона фаолият бошлаши билан 35 киши доимий иш ўрнига эга бўлди.

– Президентимиз ташаббуси билан 2018 йил – Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилингани тадбиркорлар учун улкан имкониятлар эшигини очди, – дейди “Чеҳра палас” меҳмонхонаси ижрочи директори Дилшод Дониёров. – Энди Сирдарё вилоятига ҳам ҳеч тортинмай, ўйланмай хорижлик сайёҳларни таклиф этса бўлади. Чунки 60 ўринга мўлжалланган меҳмонхонамиз халқаро талабларга тўла жавоб беради. Барча хоналар жаҳон стандартлари асосида жиҳозланди. Ҳар бир хонада интернет тармоғига уланган компьютер бор. Хориждан келадиган меҳмонлар ҳисобга олиниб, 2 ва 3 хорижий тилда бемалол гаплаша оладиган, меҳмонхона ва халқаро туристлар билан ишлаш бўйича пойтахтдаги меҳмонхоналарда малака ошириб келган ёшларни ишга қабул қилганмиз. Хуллас, Гулистон хорижлик сайёҳларни кутиб олишга тайёр.

Шунингдек, конференция зали, 65 ўринли ресторан ва алоҳида бар мижозлар хизматида бўлади. Арча ва бошқа манзарали дарахтлар ўтқазилган мўъжазгина хиёбон ҳамда 100 автомобилга мўжалланган автотураргоҳ ҳам барпо этилган.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
3 400