ЎзА Ўзбек

10.10.2018 22:16 Чоп этиш версияси

“Глобал тадбиркорлик ҳафталиги”: унда кимлар иштирок этади?

Мамлакатимизда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан жорий йилнинг 12-18 ноябрь кунлари “Глобал тадбиркорлик ҳафталиги” (Global Entrepreneurship Week) ўтказилади.

Бугунги кунда ёшларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасига жалб қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёшлар томонидан шахсий бизнесини ташкил этишга кўмаклашиш каби масалаларга давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилмоқда.

Глобал тадбиркорлик ҳафталиги ҳар йили дунё бўйлаб 160 мамлакатда ўтказилиб, маҳаллий тадбиркорлик экотизимини яратиш ва ривожлантиришга кўмак бериш бўйича фаолият олиб боради.

Ҳафталикни ўтказишдан асосий мақсад – муваффақиятга эришган тажрибали тадбиркорлар билан ёш тадбиркорлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик муносабатлари, бизнес юритиш маданиятини шакллантириш, уларни янги ғояларга илҳомлантириш, бизнесни ривожлантиришда қўл келадиган илғор тажриба ва замонавий воситалар билан ёшларни таништиришдан иборат.

Мазкур ҳафталик мамлакатимизга хорижий инвестицияларни жалб қилиш, чет эл тадбиркорлари учун яратилган ишбилармонлик муҳити билан яқиндан таништириш, тадбиркорлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Унда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги ёшлар, соҳада фаолият юритаётган идора ва ташкилотлар, хорижий инвесторлар ва етакчи бизнес вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Хусусан, америкалик коучинг соҳасида етакчи мутахассис Джон Кинг (Jogn King) ва бизнесни бошқариш бўйича халқаро мутахассис Ицхак Адизас (Itzhak Adizas), россиялик “ru-Net” компанияси асосчиси ва IT соҳасида инвестор Леонид Богуславский ҳамда бошқа кўплаб хорижий инвесторлар, бизнес тренерлар иштирок этиши режалаштирилмоқда.

Тадбиркорлик ҳафталиги доирасида Тошкент шаҳри ва Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларида махсус бизнес тренинглар, тақдимотлар, маҳорат дарслари, учрашувлар ташкил этиш белгиланган.

Изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўтказиладиган мазкур тадбиркорлик ҳафталиги мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш билан бирга, ёшларни ўз шахсий бизнесини ташкил этишга рағбатлантиришга ҳам хизмат қилади.



Барно Мелиқулова, ЎзА
2 308