Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.05.2018 17:28 Чоп этиш версияси

Германия ишбилармонлари Ўзбекистонда

Германия ишбилармонлари Ўзбекистонда
Германия-Ўзбекистон ишбилармонлари кенгаши ҳамраиси, «Knauf Gips KG» компанияси ижрочи директори жаноб М.Грундке бошчилигида Германия ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистондаги турли корхоналар фаолияти билан танишмоқда.

Улар бугун «Кнауф Гипс Бухоро» корхонасида юқори сифатли гипскартон яъни КНАУФ-листларини ишлаб чиқариш линиясини ишга тушириш жараёнида иштирок этишди.

Гипскартон листларини ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва кенгайтириш лойиҳасининг умумий қиймати 16 миллион еврони ташкил этди,-дейди Бухоро вилоятининг Когон шаҳридаги «Кнауф Гипс Бухоро» бош директори Дмитрий Дерипалко.- Эндиликда ишлаб чиқариш линиясининг қуввати 30 фоизга ошади. Келгусида йилига 32 миллион кв.м дан ортиқ ҳажмда КНАУФ-листлари ишлаб чиқарамиз. 

Кейинги босқичда «Кнауф» компанияси Ўзбекистонда гипс асосида қуруқ қурилиш қоришмаларини ишлаб чиқариш ҳажмини оширишни режалаштирмоқда. Янги ишлаб чиқариш линияси «Кнауф Гипс Бухоро» жойлашган ҳудудда қурилади. Ана шунда қуруқ қурилиш қоришмалари ишлаб чиқариш бўйича «Кнауф» нинг ишлаб чиқариш қуввати икки баробарга ошади.

Учрашув доирасида германиялик тадбиркорлар учун Ўзбекистоннинг қурилиш саноатидаги инвестициявий имконияти ва лойиҳаларнинг амалга оширилиши бўйича тақдимот ўтказилди. 

Унда Ўзбекистонда 300 дан ортиқ қурилиш материалларини, мармар, гранит, габбро, каолин, воллостанит, кварц қуми, вермикулит, оҳак каби маҳсулотларнинг катта ҳажмдаги заҳиралари мажудлиги, хом ашё маҳсулотлари ва энергия ташувчилар таннархининг арзонлиги қурилиш материалларини ишлаб чиқариш учун рағбатлантирувчи омил эканлиги таъкидланди. 

- Кейинги йилларда немис компаниялари Ўзбекистонга кўпроқ эътибор қаратмоқда,- дейди Германия-Ўзбекистон ишбилармонлари кенгаши ҳамраиси, «Knauf Gips KG» компанияси ижрочи директори жаноб М.Грундке.- Сабаби , мамлакатингизда олиб борилаётган ислоҳотлар, унинг тез ривожланишини таъминламоқда. Келгусида замонавий ишлаб чиқариш технологияларини жорий этиш орқали «Германия сифати»га эришилса, ташқи бозорда ҳамкорларингиз сони янада ошиши шубҳасиз.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг барча давлатлари билан ҳудудий жиҳатдан чегарадош бўлиб, мамлакатларни ўзаро боғлаб турувчи темирйўллар ва логистика марказлари орқали қурилиш материалларининг минимал сарф-ҳаражатлар билан ташилишига имкон яратмоқда.

ЎзА
9 238