ЎзА Ўзбек

30.06.2020 Чоп этиш версияси

Газлида қиймати 49,4 миллион долларлик инвестиция лойиҳаси қандай амалга оширилмоқда?

Газлида қиймати 49,4 миллион долларлик инвестиция лойиҳаси қандай амалга оширилмоқда?
«Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли «Учқир» газни олтингугуртдан тозалаш қурилмасида пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмасини қуриш бўйича қиймати 49,4 миллион долларлик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Ушбу инвестиция лойиҳаси доирасида ускуналар бўйича тайёрлаш ва етказиб келиш ишларининг ҳолатини ўрганиш мақсадида «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари Бухоро вилояти ҳудудида жойлашган Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида бўлди.

Таъкидлаш керакки, лойиҳани амалга ошириш учун Украинанинг «Сумское НПО» ва «Турбогаз» заводлари, Россиянинг «Гидромашсервис», «АЗСТРАСТСТРОЙ» ва «Промресурс» заводлари, Германиянинг “Linde AG” ва бошқа чет эл заводларида ишлаб чиқарилаётган ускуналарни импорт асосида харид қилиш кўзда тутилган 13,21 миллион долларга тенг 13 хорижий шартнома тузилган.

Ҳозирда турбодетандер, насос, ҳаво орқали совутиш аппарати секцияси, иссиқлик алмашинув ускунаси ва сепараторлар каби ускуналар тўлиқ олиб келинган.

Танишув жараёнида ишчи гуруҳ аъзолари мазкур лойиҳа доирасида газни сеолитли қуритиш қурилмаси, суюлтирилган газни қабул қилиш, суюлтирилган газни сақлаш ва истеъмолчиларга етказиш учун сиғимлар, пропан бутан аралашмасини олиш қурилмаларини, лаборатория бинолари қуриш ишларининг ҳозирги ҳолатини ўрганди. Унда лойиҳа доирасидаги амалга оширилаётган ишларнинг сифатини ошириш ва жадаллаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Бугунги кунга қадар бош пудратчи «Муборакнефтгазмонтаж» МЧЖ томонидан қурилиш ишлари 43,6 фоизи бажарилган бўлиб, қурилиш-монтаж ишларини жорий йилнинг ноябрь ойида якунлаш кераклиги белгиланди.

Шу билан бирга, 5 йиллик дастур доирасида Учқир объектида “ENTER Engineering Pte.Ltd.” компанияси томонидан қурилиши амалга оширилаётган «Учқир» сиқув компрессори станцияси ҳамда «Учқир» олтингугуртдан тозалаш қурилмасининг 6-тармоқлари ҳам ўрганилди. Ушбу объектлар жорий йилнинг июль ҳамда сентябрь ойларида ишга тушириш кўзда тутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, йилига 4,5 млрд. куб.м газни қайта ишлаш қувватига эга бўлган пропан-бутан аралашмасини олиш қурилмасини қуриш орқали бир йил давомида 80 минг тоннагача пропан-бутан аралашмаси ҳамда 37,5 минг тонна конденсатни ишлаб чиқариш ҳамда ички бозорда ушбу маҳсулотларга ошиб бораётган талабни қондиришга эришиш режалаштирилган.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати

ЎзА