Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.09.2017 17:16 Чоп этиш версияси

770 га яқин корхона терини қайта ишлаш, чарм-атторлик ҳамда пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқда

Пойтахтимизда "Чарм, пойабзал, кийим ва аксессуарлар – UzCharmExpo – 2017" ҳамда "Махсус пойабзал ва индивидуал ҳимоя воситалари – MaxsusExpo – 2017" халқаро кўргазмалари бўлиб ўтди.

“Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси томонидан турли вазирлик ва идоралар кўмагида ташкил этилган тадбирда 100 дан ортиқ маҳаллий ҳамда хорижий компанияларнинг 3 мингдан зиёд маҳсулотлари намуналари, соҳа учун зарур асбоб-ускуналар, иккиламчи хомашёлар кенг намойиш этилди. Пойабзал ва тикувчилик маҳсулотлари, чарм, газлама, мўйна ва қоракўлдан ишланган аксессуарлар шулар сирасидандир.

Кўргазма доирасида маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг тақдимотлари ҳам ўтказилди. Замонавий чарм-пойабзал ишлаб чиқаришнинг микробиологик жиҳатлари, Италияда пойабзаллар учун техник матоларни ишлаб чиқарувчи компания тақдимоти, тўқимачилик маҳсулотларининг кенг мажмуи ҳамда инновацион лойиҳалар ҳақидаги тақдимотлар шулар сирасидандир.

Мамлакатимизда ишлаб чиқариш корхоналари изчил модернизация қилиниб, техник ва технологик жиҳатдан янгиланаётгани, хорижий ҳамкорлар учун қулай инвестициявий муҳит яратиб берилаётгани натижасида чарм-пойабзал саноатида юксак самарадорликка эришилмоқда. Президентимизнинг 2016 йил 15 сентябрдаги “2016-2020 йилларда чарм-пойабзал саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Юртимизда 770 га яқин корхона терини қайта ишлаш, чарм-атторлик ҳамда пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқда. Соҳага татбиқ этилаётган имтиёзлар янги корхоналар ташкил этилиши, ишлаб чиқариш қувватларининг муттасил ошиши, янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилмоқда. Самарқанддаги “Amir Ul Bahr VMG” масъулияти чекланган жамиятининг табиий чармдан тайёрланган махсус оёқ кийимлари чет эллик мутахассисларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Андижонда фаолият кўрсатаётган “Mini Teks” корхонаси маҳсулотлари эса импорт ўрнини босувчи эканлиги билан аҳамиятлидир. Ҳозир 50 турдаги спорт маҳсулотлари ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилди. Футбол, волейбол, қўл тўпи учун коптоклар, бокс қўлқоплари, махсус гиламлар шулар жумласидандир.

– Компаниямиз пойабзал тагчармига ишлов бериш билан шуғулланади, – дейди Туркиянинг “Ege Taban” компанияси вакили Сонер Эргюл. – Кўргазмада бир неча йилдан буён қатнашиб, юртингизда чарм-пойабзал саноати жадал ривожланаётганининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Кўргазмага қўйилган пойабзал ва чарм-атторлик маҳсулотларининг сифат кўрсаткичлари биз, соҳа вакилларига ҳар томонлама ёқди.

Дарҳақиқат, тизим корхоналари маҳсулотлари ташқи бозорда ҳам мустаҳкам жой эгалламоқда. Ўтган йили 115 миллион долларлик экспорт амалиёти бажарилгани, унинг таркибида тайёр ва яримтайёр маҳсулотлар улуши кўпайгани бунга асос бўла олади.

Кўргазма юртимиз корхоналарининг тармоқлараро кооперациясини ривожлантириш, чет эл компаниялари билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш имконини бермоқда.

– Мамлакатимизда тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилиб, имтиёзлар берилаётгани фаолиятимизни янада ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда, – дейди “Киндр Қўқон” хусусий корхонаси раҳбари Алишер Ғаффоров. – Чунончи, бир неча ўн турдаги пойабзал маҳсулотлари билан ўз фаолиятини бошлаган корхонамиз бугунги кунда юз турдан ортиқ эркаклар ва болалар оёқ кийимини ишлаб чиқармоқда. Маҳсулотларимиз нафақат маҳаллий бозор, балки экспортга ҳам чиқарилмоқда. Кўргазма доирасида россиялик ишбилармонлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш, уларга кўпроқ ҳажмда эркаклар ва болалар пойабзаллари етказиб бериш борасида шартнома имзоладик.

Таъкидлаш жоизки, юртимизда соҳани ривожлантириш имконияти ниҳоятда юқори. Чунки муҳим хомашё сероблиги баробарида, қулай ишбилармонлик ҳамда инвестиция муҳити яратилган. Бу эса чет эл сармояси иштирокида терини чуқур қайта ишлашга ихтисослаштирилган илғор корхоналар очилишида рағбатлантирувчи омил бўлмоқда. Хусусан, жорий йилда Инвестиция дастури доирасида соҳага 94 миллион доллар миқдорида инвестиция жалб этилиши кўзда тутилган.

Кўргазма доирасида янги маҳсулотлар тақдимотлари, маҳорат дарслари, шунингдек, энг яхши маҳсулотлар танлови ўтказилиши тадбирнинг янада самарали кечишига хизмат қилди.

Сайёра Шоева, ЎзА
1 445






Все о погоде - Pogoda.uz