ЎзА Ўзбек

17.10.2012 16:19 Чоп этиш версияси

Фуқаролар манфаати ишончли ҳимоя қилинмоқда

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Кафолат” давлат акциядорлик суғурта компанияси томонидан матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги ва “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонунларининг ижроси билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

“Кафолат” давлат акциядорлик суғурта компанияси бош директори И.Ҳалимов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда суғурта бозорини изчил ва босқичма-босқич ривожлантириш учун барча шарт-шароитлар яратилганини таъкидлади. Ўзбекистон Республикасининг “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги, “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги, “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги ва бошқа қонунлари бу борадаги ишларнинг асосини ташкил этади. Бу қонунлар суғурта бозорини жадаллик билан ривожлантириш, аҳоли ўртасида суғурта маданиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Уларнинг амалга оширилиши юртимиздаги суғурта бозори барқарорлигини ва ишончлилигини мустаҳкамлаш, мажбурий суғуртанинг самарали тизимини, тўлақонли инфратузилмани шакллантириш, суғурта фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, кадрлар салоҳиятини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда.

“Кафолат” давлат акциядорлик суғурта компанияси ҳам соҳа ривожига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Компания томонидан ўз бўлинмаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ҳудудларда янги филиаллар фаолиятини ташкил қилиш, ўз ишига суғурта агентларини янада кўпроқ жалб этиш бўйича тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва муваффақиятли амалга оширилди.

“Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонун ижроси доирасида мамлакатимизда 50 дан ортиқ аҳоли пунктларида янги бўлинмалар очилди. Ҳозирги пайтда компания тизимида 142 та ҳудудий бўлинма фаолият кўрсатмоқда, улар орасида филиаллар, бўлимлар ва агентликлар бор. Ўзбекистон Республикасининг “Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонунининг кучга кирганидан буён бугунги кунгача компания томонидан 840 мингдан зиёд полис сотилди.

Бу соҳадаги асосий вазифа йўл транспорт ҳодисаси оқибатида жабрланган шахсларнинг мулкий манфаатларини ҳимоялашни таъминлаш экани матбуот анжумани қатнашчиларига тушунтирилди. Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича иш олиб борилган бутун даврда, жорий йилнинг 9 ойи учун олинган тезкор маълумотларни ҳам ҳисобга олган ҳолда, компания томонидан йўл-транспорт ҳодисасида жабрланганларга етказилган зарарни қоплаш учун 3,4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ тўлаб берилди.

“Кафолат” давлат акциядорлик суғурта компанияси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 24 июнда қабул қилинган “Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарорини амалга ошириш юзасидан муайян натижаларни қўлга киритди.

Суғурта шартномаларини тузиш, ишчилар жароҳатланганда ва касб касалликларига чалинганда сифатли суғурта хизматлари кўрсатиш бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2012 йилнинг 9 ойи давомида 74 ҳолат бўйича тўланган пул миқдори қарийб 595,2 миллион сўмни ташкил этди.

Анжуманда журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олди.


ЎзА, М.Маметова
9 296