Фуқаро: Хорижий валютани “Агробанк”нинг туман филиалида ташкил этилган айирбошлаш шохобчасида бир пасда сўмга алмаштирдим
Мамлакатимизда иқтисодиётга хорижий инвестицияларни жалб қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини барқарор ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимизда иқтисодиётга хорижий инвестицияларни жалб қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини барқарор ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.Президентимизнинг 2017 йил 2 сентябрдаги “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ, валюта соҳасини тартибга солишнинг бозор механизмларини жорий қилиш, юртимизда экспорт салоҳиятини оширишни рағбатлантириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш, юридик ва жисмоний шахсларнинг чет эл валютасини эркин сотиб олиш ва сотиш ҳамда ўз маблағини хоҳишига кўра эркин тасарруф этиш ҳуқуқи рўёбга чиқариладиган бўлди.
– Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида ҳудудда қирқта валюта айирбошлаш шохобчаси ташкил этилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Қорақалпоғистон Республикаси Бош бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Б.Собуров. – Тижорат банкларининг ҳар бир тумандаги филиаллари фаолияти ўрганилиб, шохобчалар жойлаштирилди. Бу юридик ва жисмоний шахсларга чет эл валютасини эркин сотиб олиш, сотиш ҳамда ўз маблағини хоҳишига кўра ишлатиш имконини бермоқда.
Ушбу ҳужжат ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини янада яхшилаш, хорижий инвестицияларни жалб этишга тўсқинлик қилаётган бир қатор муаммо ва камчиликларни бартараф этишга хизмат қилади. Энди жисмоний шахслар ҳам тижорат банклари орқали чет эл валютасини эркин сотиб олиши, сотиб олинган маблағларни халқаро тўлов карталарига ўтказиб, улардан хорижда ҳеч қандай чекловларсиз, жумладан, банк ҳисобварақлари орқали хорижда ўқиш, даволаниш ва бошқа мақсадлардаги тўловлар учун фойдаланиши мумкин бўлади.
– Ўғлим юборган хорижий валютани “Агробанк”нинг Элликқалъа тумани филиалида ташкил этилган айирбошлаш шохобчасида бир пасда сўмга алмаштириб олдим, – дейди Н.Сотимова. – Бундай қулайликдан хурсандмиз.
Халқ истеъмоли товарларини импорт қилиш билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар банкдаги ҳисобварақларида савдо тушуми ва бошқа даромадларини жамғариб борган ҳолда, кейинчалик уни жисмоний шахслар учун ўрнатилган тартибда, яъни сотиб олинган валюта маблағини халқаро тўлов карталарига ўтказиш орқали хориждан товарлар импорт қилиш учун ишлатиши мумкин.
– Бундай имконият бозорларимизнинг янада тўкин бўлишига хизмат қилиши билан бирга, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга ҳам катта туртки беради, – дейди ёш тадбиркор К.Ниёзимбетов. – Мебель ишлаб чиқаришда хориждан келтириладиган айрим маҳсулотларни харид қилиш учун жуда катта имкониятлар яратилди. Маблағимизни конвертация қилишдаги қоғозбозликларнинг барҳам топганидан хурсандмиз.