Франция – қудратли иқтисодиётга эга давлат
Франция туризм салоҳияти бўйича дунёда етакчи давлатлардан саналади. БМТнинг Халқаро сайёҳлик ташкилоти берган баёноти ҳам буни далиллайди...
Франция – Ғарбий Европадаги энг йирик давлат. У ҳудудининг катталиги жиҳатдан Европа Иттифоқида биринчи ўринда туради. Мамлакатнинг умумий майдони 544 минг квадрат км.ни ташкил этади. Унинг учдан икки қисми текисликдан иборат.
Ушбу мамлакатни иқлим ўзгаришларига қараб уч хил минтақага бўлиш мумкин: Океан минтақаси (Ғарбдан), Ўрта ер денгиз минтақаси (Жанубдан) ва Континентал минтақа (мамлакат маркази ва Шарқдан). Мамлакат ҳудудининг 82 фоизи, аниқроғи 45 миллион гектар майдони қишлоқ хўжалиги ерлари ва ўрмонзорлардан иборат. Ўрмонзорлар салмоғи жиҳатидан Франция Европа Иттифоқида фақатгина Швеция ва Финляндиядан кейинги учинчи ўринда туради. Мамлакат аҳолиси 62 миллион киши (2016 йилги маълумот)дан ортиқ бўлиб, бир кв. км.га 105 киши тўғри келади. Аҳолининг тенг ярмидан ортиқроғи шаҳарларда яшайди. Аҳоли сони жиҳатидан Франция Европада Германиядан кейин иккинчи ўринда туради. Мавжуд аҳолининг 93 фоизини французлар ташкил этади.
Франция – динга эркинлик берган давлат. Бу ерда қарйиб барча динларга мансуб аҳоли истиқомат қилади, яъни католиклар 81,4 фоизни, мусулмонлар 6,9 фоизни, протестантлар 1,6 фоизни, иудистлар 0,4 фоизни ва бошқа диндагилар 8,1 фоизни ташкил этади.
Франциянинг давлат тузилиши – республика
Мамлакатни давлат президенти бошқаради. Президент 7 йилга сайланади. Франция республикаси қуйидаги ҳолатда таркиб топган: мустамлака ерлар (22 та чегарадош ва 96 та маъмурий терреториал округ), 4 та денгизорти маъмурий территориал округ (Гваделупа, Мартиника, Гвиана, Реюьон), 4 та денгизорти ҳудуд (Француз Полинезияси, Янги Каледония ороли, Уоллес ва Футуна, Жанубий ерлар ва Франция Антарктидаси), шунингдек, алоҳида ҳақ-ҳуқуқларга эга ҳудуд (Майор, Сен-Пьер Микелон).
Мамлакатнинг олий органи – парламент. У сенат ва икки палатали парламентдан ташкил топган. Франция Европа Иттифоқи (ЕИ), Евратом, Ғарбий Европа Иттифоқи ва бир неча сиёсий ҳамда иқтисодий ташкилотлар аъзоси. 1949 йилдан эса НАТОга аъзо саналади.
Франция иқтисодиёти – қудратли давлат
Франция кенг тараққий этган индустриал – аграр давлат. У кўпгина ерости қазилма бойликларига ҳам эга. Яъни бу ердан темир рудаси, тошкўмир, уран рудаси, боксит ва калий тузи кўп миқдорда қазиб олинади.
Ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ва саноат моллари ишлаб чиқариш жиҳатидан у дунёда тўртинчи (АҚШ, Япония, Германиядан кейинги) ўринни эгаллайди. Четга маҳсулот экспорт қилиш (асосан, машина ва замонавий технологиялар) бўйича ҳам тўртинчи, қимматли заҳираларга эгалиги бўйича эса учинчи (АҚШ ва Япониядан кейинги) ўринни банд этган. Шунингдек, Франция Европада қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш борасида биринчи ўринда туради.
Мамлакат Ғарбий Европадаги интеграциялашув жараёнларида ҳам фаол иштирок этади. Франция иқтисодиёти учун характерли жиҳатлардан бири йирик монополия маҳсулотлари ишлаб чиқаришдир. Айни кунда иккита йирик компания пўлат эритиш ва ундан маҳсулот тайёрлаш бўйича 70 фоизлик улушни, электрли ва электр технология асбоб-ускуналари ишлаб чиқариш бўйича 50 фоизлик улушни ва автомобиль ишлаб чиқариш бўйича қарйиб 100 фоизлик улушни ўз қўлида ушлаб турибди. Энг монополлашган ишлаб чиқариш ҳарбий соҳадаги саноат молларидир.
Эътиборлиси, французларга хос саноатлаштиришнинг муҳим кўриниши катта-катта ишлаб чиқариш объектларини бутунлай ҳокимлик тарзида эгаллаганликдадир. Бундай ҳолатда мамлакатда юз хил турдаги саноат ишлаб чиқариш турлари 20 та шундай йирик мулк эгалари тасарруфида. Масалан, «Пежа-Ситреон» ва «Рено» монополистларида автомобил саноати, «Эльф-Акитен» монополистларида нефть саноати ва «Юнизор-Сянсилор»да қора металлургия, шунингдек, «Компания женерал электросите»да ядро энергетика, «Рон-Пуленка» монополистларида эса кимё саноати кабилар. Мазкур мамлакат иқтисодиётининг яна бир ўзига хослиги гигант, йирик корхоналар ҳамда кичик ўрта тадбиркорлик корхоналари капиталлари (маблағлари) марказлашган молиявий муассасаларда сақланмаслигидир.
Франция электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича Европада етакчи давлатлардан саналади. Мамлакат ҳар йили 490 миллиард киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга. Умуман олганда, Франция электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича дунёда АҚШ, Хитой, Япония, Россия ва Канададан кейинги 6-ўринда туради.
Мухтасар айтганда, Франция иқтисодиёти айни пайтда қудратли ва жадал ривожланаётган давлатлардан бири. Профессионал хизмат кўрсатувчи PwC гигантининг ўтган йилги "Келажакка назар: 2050 йилга бориб қайси мамлакатлар иқтисодиётида глобал ўзгаришлар рўй беради?" номли ҳисоботида дунёнинг энг кучли иқтисодиётга эга бўлиши кутилаётган 32 мамлакат орасида Франция 4 705 миллиард доллар билан 12-ўринни банд этгани юқоридаги фикримизни тасдиқлайди.
Қишлоқ хўжалигида етакчи
Франция қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирувчи ва уни четга экспорт қилувчи дунёдаги етакчи давлатлардан бири. Унинг табиий иқлим шароити бу ерда қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан мўл ҳосил етиштиришнинг имконини беради. Чорвачилик Франция қишлоқ хўжалигининг энг ривожланган тармоғи бўлиб, соҳада қўлга киритилаётган сармоянинг учдан икки қисми айнан шу тармоққа тўғри келади.
Чорвачиликда эса наслчилик, бўрдоқичилик ва гўшт-сут йўналиши муҳим аҳамият касб этади. Франция мол гўшти, ёғ, сут ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича дунёда нуфузли мамлакат сирасига киради. Масалан, у бу борада Европа Иттифоқида иккинчи, дунёда эса бешинчи ўринни эгаллайди. Дон маҳсулотларидан – буғдой, арпа, шоли ва маккажўхори, шу билан бирга қанд лавлаги, картошка ва сабзоват экинлари етиштиришда ҳам Францияда катта тажриба тўпланган. Вино тайёрлашда у жаҳонда Италиядан кейинги иккинчи, коньяк ишлаб чиқаришда эса биринчи ўринни эгаллайди.
Мамлакатда қишлоқ хўжалик майдонлари кўпгина ер соҳибларига бўлиб берилган. Хўжалик юритиш икки турда – оилавий пудрат ва саноатлашган усулда ташкил этилган. Француз қишлоқ хўжалиги янгича кечган ислоҳотлар туфайли соҳа жуда тез саноатлашди, ҳеч қандай банк ва савдо маблағларисиз ривожланди. Агар илгари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари монополист ташкилотлар капитали воситасида қайта ишланган бўлса, ҳозирда соҳа ўз капитали, ўз корхоналарига эга. Франция қишлоқ хўжалиги мамлакатда ягона агросаноат мажмуаси таркибига киради.
Ўзбекистон ва Франция – ишончли ҳамкорлар
Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 1 мартда ўрнатилган.
1992 йилдан июндан бошлаб Франциянинг Ўзбекистонда, 1995 йил март ойидан бошлаб эса, Ўзбекистоннинг Францияда элчихонаси фаолият бошлаган.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Франциянинг дунёдаги ўрни ва роли юқори баҳоланади. Икки мамлакат ўртасида кўплаб соҳаларда – сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий, илмий-гуманитар, туризм... тенг шерикчилик тамойилига асосланган ҳолда самарали ҳамкорлик олиб борилмоқда.
Франция Ўзбекистон Республикасининг Европа Иттифоқидаги энг муҳим шерикларидан. 2017 йилда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 251,6 миллион АҚШ долларини ташкил этди.
Бугунги кунда “Эйрбус”, “Текнип”, “Обертюр”, “Талес”, “Сериннов”, “Комау Франс” каби ўнлаб француз компаниялари Ўзбекистонда турли савдо-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
Ўзбекистондаги энг кўп сайёҳ айнан Франциядан ташриф буюради
Франция туризм салоҳияти бўйича дунёда етакчи давлатлардан саналади. БМТнинг Халқаро сайёҳлик ташкилоти берган баёноти ҳам буни далиллайди.
Жорий йил бошидаги мазкур баёнотга кўра, 2017 йил дунёда саёҳат қилган инсонлар сони 1 миллиард 322 миллионни ташкил қилган. Уларнинг 42 фоизи 10 та давлат ҳиссасига тўғри келади. Рўйхатнинг энг юқори қисмидан 88,9 миллион сайёҳ билан Франция жой олган. Иккинчи ўрин Испанияга тегишли – 82,2 миллион. АҚШга учинчи ўрин насиб қилди – 72,9 миллион. 4-5 – ўринлар Хитой ва Италияга тегишли.
Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги туризмни ривожлантириш борасида мустаҳкам алоқалар ўрнатилган. Ўзбекистондаги энг кўп сайёҳ айнан Франциядан ташриф буюраётгани ҳам бунинг ёрқин исботидир.
Масалан, Ўзбeкистон Рeспубликаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг маълумотига кўра, 2016 йилда мамлакатимизга ташриф буюрган француз сайёҳларининг сони 4 889 кишини ташкил қилган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич 5 748 кишига етди. 2018 йилнинг дастлабки саккиз ойига кўра, мамлакатимизга саёҳат қилаётган францияликлар сони 9 172 нафарни ташкил қилмоқда.
Эътиборлиси, Президентимизнинг 2018 йил 4 октябрдаги фармонига мувофиқ, шу йилнинг 5 октябридан эътиборан Франция Республикаси фуқаролари учун 30 кунгача муддатга визасиз режим кучга кирди. Энди Франция фуқаролари Ўзбекистонга 30 кун мобайнида визасиз саёҳат қилишлари мумкин.
Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон ва Франция ўртасида ўзаро маданий, илмий ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтиришга, халқаро муносабатларни ривожлантириш учун қулай шароитлар яратишга, шунингдек, мамлакат инвестицион муҳити ҳамда туристик салоҳияти ривожига хизмат қилади.
Тарихий ташриф – янги имкониятлар эшигини очади
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Франция Президенти Эммануэл Макроннинг таклифига кўра, ушбу мамлакатга тарихий ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг янги саҳифаларини очиши муқаррар.
Давлатимиз раҳбарининг Европа қитъасига биринчи давлат ташрифи ҳисобланган ушбу сафар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни мамлакатимиз иқтисодиётига жалб қилиш, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш, бизнес-тузилмалар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш учун қулай имкониятлар яратади. Франция орқали бутун Европа жамоатчилиги эътиборини Ўзбекистон салоҳиятига қаратилиши шубҳасиз.