Репортаж: Зангиота туманидаги “Highway Logistics” марказининг синоатлари нимада?
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 январь куни Тошкент вилоятининг Зангиота туманига ташрифи чоғида “Highway Logistics” замонавий логистика маркази фаолияти билан яқиндан танишди.
Кўп тармоқли хизмат турларини ўзида жамлаган, барча қулайликларга эга марказ фаолиятини ташкил этишда Германия, Франция, Россия, Грузия, Қозоғистон каби давлатларнинг логистика соҳасидаги тажрибаси ўрганилди. Ички ва ташқи бозор кўрсаткичлари, талаблари инобатга олиниб, халқаро ва миллий миқёсда юк ташиш хизматларини кўрсатиш, юкларга тезкор ва сифатли ишлов бериш, уларни жўнатиш тармоғи барпо этилди.
Умумий қиймати 40 миллион АҚШ долларидан зиёдни ташкил этган, ҳудуди 14,2 гектар майдонга тенг марказда 350 иш ўрни яратилди. Корхонанинг экспорт ва импорт товарлари учун логистика хизматлари кўрсатиш йиллик қуввати 1 миллион 200 минг тоннани ташкил этади.
– Мазкур лойиҳа мамлакатимиз ва хорижий тадбиркорларнинг экспорт ва импорт салоҳиятини ошириш, уларга сифатли хизмат кўрсатишни назарда тутади, – дейди “Highway Logistics” маркази бошқаруви раиси Анвар Турдиалиев. – Яъни хорижий юк автомобиллари пойтахт ҳудудига кирмаган ҳолда, шаҳар экологик инфратузилмасига зиён етказмай, юкларни мамлакатимиз ҳудудида олиб кириш ва чиқиш ишларини ушбу логистика марказининг ўзида амалга ошириш имкониятига эга.
Марказ ҳудудида божхона бўлими ташкил этилган. У ерда марказлашган маҳсулотлар ғазнаси, божхона пости, банк, декларация тўлдириш, сертификатлаштириш ва кўрикдан ўтказиш бўлимлари, логистика хизматларини кўрсатувчи, товар жўнатиш ва қабул қилиш компаниялари, божхона брокерлари фаолияти йўлга қўйилган. Барча хизматлар “Ягона дарча” маркази орқали амалга оширилади.
Маълумотларга кўра, юк ташувчи автомобиль ҳайдовчиларининг кунлик харажатлари хорижий давлатларда ўртача 35-40 АҚШ доллари атрофида баҳоланади. “Highway Logistics” марказида эса уч маҳал иссиқ овқат, меҳмонхона хизмати ҳамда автотураргоҳ учун ўртача 20 АҚШ доллари миқдорида ҳақ тўлаш кифоя.
Логистика марказида хорижий юк автомобилларини қайд этиб бориш тизими мавжуд. Бу хорижий юк машиналарининг ортга қўшимча юк ташиш орқали харажатларини қоплаш, ўз навбатида, экспорт товарларини икки баравар арзон нархларда манзилига элтиш имконини беради. Натижада экспорт қилинаётган товарлар учун йўл харажатлари камайиб, маҳсулот таннархи арзонлашади.
– Ушбу тизим хорижий корхоналарга қўшимча қулайликлар яратиб, тўғридан-тўғри ҳамкорлик кўламини кенгайтириш имконини беради, – дейди “Highway Logistics” маркази бошқаруви раиси ўринбосари Дониёр Сотволдиев. – 2017 йил ҳолатига кўра, пойтахтимиз ҳудудига кириб келган 30 минг юк автомобилининг ўртача 70 фоизини хорижий юк ташувчи автоуловлар ташкил этди. Шу маънода, бундай хизматларнинг марказимизда йўлга қўйилиши хорижий валюта тушумини оширишга ҳам хизмат қилади.
Марказда янада қулай шароитлар яратиш мақсадида мотель, миллий таомлар ошхонаси, автомобилларга барча турдаги техник хизмат кўрсатиш шохобчалари, эҳтиёт қисмлар дўкони, 150 ўринли автотураргоҳ, маҳсулотларни сақлаш учун музлаткич омборлари, тезкор божхона ва брокерлик хизматлари йўлга қўйилган.
“Highway Logistics” маркази WMS Axelot омборни бошқариш, “Hormann” юк тушириш станцияси, хавфсизлик мултимедиа маркази ва ҳудудда узлуксиз видеокузатувни амалга оширадиган замонавий бошқарув тизимига эга.
Айни пайтда марказда бир вақтнинг ўзида 20 та юк машинасига юкларни расмийлаштириш, божхона кўригидан ўтказиш хизматлари кўрсатиш, 600 минг тонна юкни қайта ишлаш имконияти мавжуд. Жорий йилнинг иккинчи чорагида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган “А” классдаги омборнинг ишга тушиши билан бир вақтнинг ўзида қўшимча 30 автомобилга хизмат кўрсатиш ёки юкларни қайта ишлаш ҳажмини 1 миллион 600 минг тоннага етказиш мумкин бўлади.
– Президентимиз “Highway Logistics” марказида ташкил қилинган божхона бўлими, мавжуд техникалар, транспорт қатнови ва маҳсулотларни ортиш ҳамда етказиш тизими билан танишиш асносида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва сақлашда замонавий технологияларни қўллаш бўйича зарур кўрсатмалар берди, – дейди Анвар Турдиалиев. – Давлатимиз раҳбарининг эътибор ва тавсиялари 35 гектар майдонда қурилиши бошланган лойиҳанинг иккинчи босқичини жиҳозлаш ва лойиҳалаш учун айни муддао бўлади. Президентимиз келгусида бу каби логистика марказларини ҳар бир вилоятда ташкил қилиш кераклигини айтди. Бу бизнинг фаолиятимизга берилган юқори баҳо бўлиши билан бирга, ўз ишимизга янада масъулият билан ёндашишга ундайди.
Ҳозирги кунда “Highway Logistics” замонавий логистика маркази темир йўллар, ҳаво ва автомобиль йўлларидан фойдаланган ҳолда Эрон, Туркия, Россия, Болтиқбўйи мамлакатларидан келаётган юк автомобиллари учун транспорт-экспедиторлик хизматларини кўрсатмоқда.