ЎзА Ўзбек

22.07.2016 19:50:46 Чоп этиш версияси

Фидокорона меҳнат самаралари

Нукусда жорий йилнинг биринчи ярмида Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов бошқарган йиғилишда жорий йилнинг биринчи ярмида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги лойиҳаларни ишга тушириш, корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш бўйича амалга оширилган кенг кўламли ишлар иқтисодиётнинг ўсиш суръатини таъминлагани таъкидланди.

Президентимизнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасидан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикасини 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган ишлар самараси муҳокама этилди.

Қорақалпоғистон Республикасида ялпи ҳудудий маҳсулот 21,2 фоизга ўсди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 196 фоизга ошиб, 1 триллион 883 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланди. Бунда “Устюрт газ-кимё” мажмуасининг муддатидан илгари фойдаланишга топширилиб, ҳисобот даврида 849 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаргани муҳим омил бўлди.

Оролбўйи минтақасида 2016 йилги инвестиция дастурига мувофиқ, биринчи ярим йилликда барча манбалар ҳисобидан 1 триллион 904 миллиард сўмлик сармоя ўзлаштирилди. 65 ижтимоий объект фойдаланишга топширилди.

Президентимиз ташаббуси билан намунавий лойиҳалар асосида қишлоқ жойларда барпо этилаётган турар жойлар қурилиши давом эттирилмоқда. Жорий йилга мўлжалланган Ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури асосида саноат, сервис ва қишлоқ хўжалиги соҳасида 78 миллиард сўмлик 1 минг 261 лойиҳа амалга оширилиши туфайли 4 минг 756 янги иш ўрни ташкил этилди.

Йирик лойиҳалардан саналмиш Қораўзак туманидаги 10 миллиард 600 миллион сўм ва 17 миллион доллар миқдоридаги “Титан цемент” корхонаси қурилиши жорий йилда ниҳоясига етказилиб, фойдаланишга топширилади. Бу йилига 200 минг тонна қимматбаҳо қурилиш ашёси – цемент ишлаб чиқариш имконини бериш билан бирга, 200 га яқин янги иш ўрни яратилади.

Ҳудудда экспорт салоҳиятини янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,3 марта ўсиб, 234 миллион долларни ташкил этди. Экспорт қилувчи корхоналар сафига яна 20 корхона қўшилиб, ҳудудий корхоналарнинг маҳсулот экспорти ҳисобот даврида 24,1 миллион долларга етди.

Йиғилишда қатор вазирликлар, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, шаҳар ва туман ҳокимлари дебиторлик ва кредиторлик қарзларини тугатиш, корхоналарнинг барқарор молиявий аҳволини таъминлаш, иқтисодиётда давлат улушини қисқартириш, хусусий мулкни янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берди. Бу борада йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Қорақалпоғистон Республикаси фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов сўзга чиқди.