Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

26.09.2017 10:50 Чоп этиш версияси

Фаровонликка хизмат қилувчи лойиҳа

Фаровонликка хизмат қилувчи лойиҳа Мамлакатимизда йўл-транспорт, энергетика ва коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қиладиган кўплаб йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Биринчи Президентимизнинг 2013 йил 28 мартдаги Наманган вилоятида қуввати 900 мВтли иссиқлик электр станциясини қуришни ташкиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори асосида Тўрақўрғон туманида барпо этилаётган иссиқлик электр станцияси мамлакатимиз энергетика соҳаси салоҳиятини ошириш борасидаги истиқболли лойиҳалардан биридир.

2013-2020 йилларга мўлжалланган мазкур лойиҳага кўра, ҳар бири 450, умумий қуввати 900 мегаваттли иккита замонавий буғ-газ турбинасини қуриб ишга тушириш кўзда тутилган бўлиб, у Фарғона водийси вилоятларида электр энергиясига бўлган эҳтиёжни тўла таъминлаш, бу борадаги муаммоларни бартараф этиш, ёнилғи ресурсларини тежаш, энг муҳими, юзлаб янги иш ўринлари яратиш имконини беради.

“Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти буюртмаси асосида барпо этилаётган ва умумий қиймати қарийб 1 миллиард 200 миллион долларга тенг ушбу лойиҳа Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти ва давлат бюджети томонидан молиялаштирилади.

Мазкур объектда ўтган давр мобайнида асосий қурилиш-монтаж ишларига тайёргарлик доирасида салмоқли ишлар қилинди.

– Станция қурилиши 2013 йилда бошланган, – дейди “Тўрақўрғон иссиқлик станцияси қурилиши” унитар корхонаси директори вазифасини бажарувчи Н.Насибалиев. – Ҳозиргача объектга элтадиган йўл ва коммуникация тармоқлари барпо этилди, дирекция маъмурияти учун икки қаватли бино, ёнғин хавфсизлиги хизмати иншоотлари, соатига 120 кубометр бетон ишлаб чиқариш қувватига эга завод ва бошқа ёрдамчи хўжалик иншоотлари қуриб битказилди. Айни пайтда келгусида станцияда ишлайдиган 750 нафар ишчи-хизматчи учун турар жой бинолари қуриш, ичимлик суви тармоғини тортиш, буғ-газ қурилмаси, диспетчерлик пункти, марказий ва бошқа омборхоналар барпо этиш ишлари жадал давом эттирилмоқда. Режадаги 2 миллион 513 минг кубометрдан зиёд ер ишларидан 1 миллион 925 минг кубометри бажариб бўлинди.

13.jpg

Дарҳақиқат, иссиқлик электр станцияси учун ажратилган 90 гектардан зиёд ер улкан қурилиш майдонини эслатади. Бу ерда 370 дан зиёд ишчи-хизматчи, жумладан, 42 нафар хорижлик мутахассис меҳнат қилмоқда. 80 дан ортиқ махсус техника воситаси жалб қилинган. Объектда жорий йил якунига қадар 100 миллион долларлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилиши режалаштирилган.

Энергоблоклар қурилиши Япониянинг Mitsubishi corporation ва Mitsubishi hitachi power system компаниялар консорциуми бош пудратчилигида бажарилади. Лойиҳада Туркиянинг Calik energi компанияси ҳам бош ёрдамчи пудратчи сифатида ҳамкорлик қилмоқда. Қурилиш ишлари сифати эса буюртмачи ва унинг консультанти – Япониянинг TEPSKO компанияси томонидан назорат қилиб борилади.

Шу ўринда иссиқлик электр станцияси учун кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини ҳам таъкидлаш лозим. Ушбу ўқув йилидан бошлаб Тўрақўрғон туманидаги Ёртепа қишлоғида жойлашган касб-ҳунар коллежи йўналиши ўзгартирилиб, энергетика коллежига айлантирилди. Бу ерда тўққиз мутахассислик бўйича малакали кадрлар тайёрланади. Айни пайтда 270 нафар йигит-қиз иссиқлик электр станциясига зарур мутахассисликлар бўйича таълим олмоқда. Наманган муҳандислик-қурилиш институтида ҳам олий маълумотли энергетиклар тайёрлаш бошланган. Улар ишлаб чиқариш амалиётини янги иншоотда ўтказади ва кейинчалик шу ерга ишга қабул қилинади

1-энергоблоки 2019 йилнинг декабрида, 2-энергоблоки ва иссиқлик электростанциясининг тўлиқ ишга туширилиши 2020 йил март ойига мўлжалланган мазкур лойиҳа нафақат Фарғона водийсини электр энергияси билан таъминлаш имконини беради, балки мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётида ҳам муҳим аҳамият касб этади


Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
2 679






Все о погоде - Pogoda.uz