Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.09.2017 15:42 Чоп этиш версияси

Фарғоналик асаларичилар йил давомида 30 минг она асаларини хорижга экспорт қилмоқда

Фарғона вилоятида асаларичиликни ривожлантириш, ички бозорни арзон, сифатли маҳсулот билан таъминлашга қаратилаётган алоҳида эътибор шифобахш, тўйимли табиий неъмат ишлаб чиқаришни кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда. Жорий йилда вилоятда 1 минг 700 тоннадан зиёд асал етиштирилмоқда.

Асал – минг дардга шифо, дейдилар. Бунинг исботи буюк аждодимиз Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асарида берилган рецепт-тавсияларнинг 500 дан ортиғи айнан асалари заҳари ва бошқа маҳсулотларига асосланганида ҳам кўриниб турибди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар бозорларимиз тўкинлигини таъминлаш, аҳолига сифатли, арзон ва сервитамин озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беришга хизмат қилаётир. Хусусан, асаларичиликни янада ривожлантириш, соҳадаги илғор тажрибаларни кенг оммалаштиришга қаратилаётган алоҳида эътибор ўз самарасини бермоқда.

Вилоят асаларичилар уюшмаси томонидан соҳани янада ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бир вақтлар 10-15 нафар асаларичидан иборат уюшма бугунги кунда ўз сафларида 1 минг 200 дан ортиқ малакали мутахассисни бирлаштирган. Улар орасида иш тажрибаси юртимиздагина эмас, хорижий давлатларда ҳам қизиқиб ўрганилаётган ва юксак баҳоланаётган аричилар бор. Фарғона туманилик Олимжон, Бобомурод, Турсунмурод Аҳмедов, Қўқон шаҳридан Нуриддин Аҳмедов, Қувасой шаҳридан Ғанижон Йўлдошев, Фарғона шаҳридан Александр Картунов, Қўчқор Каримов, Бахтиёр Парпиев шулар жумласидандир. Улар оила аъзолари билан бирга 1500-2000 тагача она ари парвариш қилиб, юқори маҳсулот ва истиқболли насллар етиштирмоқда. Бундан икки йил илгари вилоят бўйича минг тоннага яқин асал етиштирилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 1 минг 700 тоннадан ошириш режалаштирилган.

– Аҳолини сифатли асал билан таъминлашдан ташқари, хориждан келтирилган наслли асалариларни кўпайтириш ва хорижга сотиш, асалари билан чанглатиш орқали қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини кескин ошириш мақсад қилинган, – дейди вилоят асаларичилар уюшмаси раиси, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди Шерали Суярқулов. – Бу соҳада илмий изланишларни кўпайтириш билан бирга, АҚШ, Исроил, Россия, Испания, Канада, Швейцария сингари хорижий давлатлар мутахассислари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, улар тажрибасини ўрганиш ва амалий фаолиятда кенг қўллашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қозоғистон, Украина ва Германиядан келтирилган сермаҳсул ари зотлари вилоятимиз шароитига мослаштирилиб, юксак натижаларга эришилмоқда. Вилоят асаларичилари йил давомида 30 минг она асаларини хорижга экспорт қилиб, бундан катта даромад олмоқда.

Вилоят асаларичилар уюшмаси самарали иши ва илмий изланишлари билан юртимизда чинакам тажриба мактабига айланган. Уюшма қошида ташкил этилган ишлаб чиқариш ўқув марказида барча шароит яратилган. Марказда илмий-текшириш лабораторияси, тренинг заллари, ихтисослаштирилган кутубхона, электрон архив базаси, шунингдек, асални қайта ишлаш ва қадоқлаш цехи, тикувчилик, мум-парда, асбоб-ускуна ва асалари уяси ишлаб чиқариш цехлари фаолият юритмоқда. Ёш асаларичиларга касб сирлари ва унинг илмий асосларини ўргатадиган махсус мактаб очилган.

Президентимиз шу йил июнь ойида Фарғона вилоятига ташрифи чоғида мазкур ўқув марказида бўлиб, бу ерда олиб борилаётган ишлар билан танишди. Асаларичиликни ривожлантириш, соҳа мутахассисларини тайёрлаш бўйича кўрсатмалар берди. Айни кунларда бу борада кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Фарғона тумани технология касб-ҳунар коллежида асаларичилик соҳаси бўйича мутахассислар тайёрлайдиган йўналиш ташкил этилган бўлиб, ўқувчилар ўқув марказида назарий билимини амалиёт билан мустаҳкамламоқда. Фарғоналик мутахассислар кейинги йилларда Исроил давлатидаги ҳамкасблари билан тажриба алмашишни йўлга қўйди. У ерда экинларни чанглатиш орқали сифатли асал ва юқори ҳосил олиш технологияси жуда ривожланган. Бу тажриба яхши ўрганилиб, вилоятда кенг жорий этилмоқда. Бу усулнинг афзаллиги шундаки, асаларичи хўжаликлар йил давомида 10 миллиард сўмлик асал ва асалари маҳсулотлари етиштирса, пахта, ғалла ва бошқа экинларни асалари орқали чанглатиш йўли билан 120 миллиард сўмгача фойда олмоқда. Шу боис амалда бу ишлар кўламини илмий асосда янада кенгайтириш ва самарадорликни ҳозирги замон талаблари даражасига кўтариш имкониятлари яратилади.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
2 724






Все о погоде - Pogoda.uz