ЎзА Ўзбек

17.01.2019 15:45 Чоп этиш версияси

Фарғонада цитрус мевалар плантацияси яратиладими?

Фарғонада цитрус мевалар плантацияси яратиладими?

Миср Араб Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Амани Элетр хоним Фарғона вилоятида бўлиб, ҳудуднинг инвестиция ва туризм салоҳияти билан танишди.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг жаҳондаги кўплаб мамлакатлар, жумладан, етакчи давлатлар, нуфузли халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар билан алоқалари сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди. Хусусан, Миср билан ҳам ўзаро алоқалар барқарор равишда, дўстона руҳда кўплаб соҳаларда кенгайиб бормоқда.

Фарғона заминидан етишиб чиққан буюк аллома Аҳмад ал-Фарғоний Мисрда Қоҳира шаҳрининг марказидан ўтган Нил дарёси ўзанида жойлашган Рода оролида сувнинг ҳажми ва тезлигини ўлчайдиган иншоот – ниломерни яратди. Эътиборлиси, бу иншоотдан ҳозиргача фойдаланиб келинмоқда. Ўзининг буюк асарлари билан инсоният тарихида ўчмас из қолдирган мутафаккир бобомизнинг Миср ривожига қўшган ушбу хизмати доимо қадрланади. Шу сабабдан Қоҳира шаҳрининг марказида буюк бобокалонимизнинг ҳайкали ўрнатилган. Азалий дўстлик алоқалари бугун янги босқичга чиқмоқда.

4.JPG

Элчини Фарғона вилояти ҳокими Ш. Ғаниев қабул қилди. Мулоқот давомида вилоятда савдо-иқтисодий, ҳуқуқий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда амалга оширилган лойиҳалар ва уларнинг самаралари, ушбу йўналишлардаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида сўз юритилди. Вилоятнинг инвестиция ва туризм соҳасидаги салоҳияти ҳақида маълумот берилди. Суҳбат чоғида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

– Фарғона Ўзбекистоннинг энг гўзал ва сўлим вилоятларидан биридир, – дейди Миср Араб Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Амани Элетр хоним. – Биз, Фарғона вилояти билан туризм, ёшлар, спорт, инвестиция, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорликни режалаштирмоқдамиз. Шунингдек, цитрус мевалар плантацияси яратиш, меҳмонхоналар қуриш, таълим ва илмий соҳаларда ҳамкорлик қилиш тадбирларини олиб бормоқдамиз.

Амани Элетр хоним бошчилигида делегация аъзолари вилоятнинг диққатга сазовор жойлари билан танишди.

М. Сулаймонова, ЎзА​​
4 957