Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.03.2017 13:26 Чоп этиш версияси

Фарғонада ўтган ҳудудий инновацион ярмаркада 150 дан ортиқ ишланма намойиш этилди

Фарғонада ўтган ҳудудий инновацион ярмаркада 150 дан ортиқ ишланма намойиш этилди Фарғонада ўтказилган инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ҳудудий ярмаркасида 150 дан ортиқ ишланмалар намойиш этилди. Илмий муассасалар ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида 1 миллиард 748 миллион сўмликдан зиёд шартномалар имзоланди.

Анъанавий ўтказиб келинаётган мазкур кўргазма иқтисодиётнинг турли соҳа ва тармоқларида мавжуд талабни инновация соҳасидаги таклифлар билан уйғунлаштириш, инноваторлар ва инновация лойиҳалари инвесторлари ўртасида алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ташкилотларининг технология ва ишланмаларини намойиш этиш, бу борада амалга оширилаётган ишлар бўйича тажриба алмашиш, истиқболдаги вазифаларни белгилаш ҳамда харидорлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имконини бермоқда. Кўргазма давомида имзоланаётган келишувлар натижасида саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларига ихчам ва замонавий технологиялар жорий этилиб, юқори самарадорликка эришилмоқда.

Фарғона вилоятида ҳам илмий ишланмаларни рағбатлантириш ва амалиётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Вилоят ҳудудий инновация фаолияти ва технологиялар трансфери маркази олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда илм-фаннинг устувор йўналишларида олиб борилаётган илмий изланишлар натижасида ўндан ортиқ илмий инновацион лойиҳаларни амалга оширмоқда. Фарғона давлат университети, Фарғона политехника институти, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технололгиялари университети Фарғона филиалининг профессор-ўқитувчилари, ёш олимлари ва талабалар томонидан янги ишланмалар устида иш олиб борилмоқда.

Кўргазмадаги энергетика, энергия тежамкор, қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш, ахборотлаштириш ва ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги, биотехнология, атроф-муҳит муҳофазаси, саноат технологиялари ва нанотехнологиялар экспертлар ҳамда ишлаб чиқарувчиларда катта қизиқиш уйғотди. Тижорат банклари томонидан шу ернинг ўзида инновацион ишланмалар учун имтиёзли кредитлар тақдим этилди.

– Ярмаркада институтимиз олимлари, тадқиқотчилари ва талабалари саноат, транспорт, қурилиш, коммунал соҳалардаги янги технология ва ишланмалари билан иштирок этди, – дейди Фарғона политехника институти ректори О.Отақулов. – Бугунги кунда кўплаб инновацион ишланмаларимиз ишлаб чиқаришга татбиқ этилган. Ушбу кўргазма тадқиқотчиларимиз учун республика ярмаркаси олдидан ўзига хос синов майдони бўлди.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
644






Все о погоде - Pogoda.uz