ЎзА Ўзбек

27.08.2019 Чоп этиш версияси

Фарғонада 2019-2020 йилларда 624 та йирик ва ўрта инвестиция лойиҳалари ишга туширилиши белгиланган

Фарғонада 2019-2020 йилларда 624 та йирик ва ўрта инвестиция лойиҳалари ишга туширилиши белгиланган

Фарғона вилоятида туманларга саноатни олиб кириш, тадбиркорликни янада ривожлантириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Вилоятда 2019-2020 йилларда қиймати 40,4 триллион сўм бўлган 624 та йирик ва ўрта инвестиция лойиҳалари ишга туширилиши белгиланган бўлиб, бу борада амалий ишлар олиб борилмоқда. Эътиборли жиҳати, энг чекка туманларда ҳам янги корхоналар ташкил этилиб, ҳудуднинг иқтисодий кўрсаткичлари ва экспорт салоҳияти юксалмоқда.

Данғара туманида ҳам бу борада аниқ чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, ижросини таъминлашга сектор раҳбарлари масъулият билан ёндашмоқда.

photo5415744591509957619.jpg

– Туманимизда фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йилида сармоялар, аввало, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ўзлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Данғара тумани ҳокими Саидмурод Аминжонов. – Бугунги кунда 3 та қўшма ва 6 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхона самарали фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилда туманимизда 192 миллиард сўмлик 22 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. “Сувиншоотаъмир“ масъулияти чекланган жамияти негизида 2,4 гектар ер майдонида кичик саноат зонаси ташкил этилди. Ҳозир бу ерда 21,9 миллиард сўмлик 9 та лойиҳа амалга оширилиб, 228 та янги иш ўрни яратилди.

“Asiya China shoyes”, “Musavvar teks”, “Silver oil”, “Dan-Min” қўшма корхоналари, “Ayubxon tekstil”, “Dangʻara mega ketl”, “Dangʻara ketchin”, “Довуд”, “Little Husniddin Shoes”, “Real goal forward” масъулияти чекланган жамиятида сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Ўтган йилда 7 миллион доллардан ортиқ маҳсулотларни экспорт қилишга эришилди, жорий йилда эса режалар янада улкан.

Аҳоли бандлигини таъминлашда, саноат, инвестиция ва экспорт ҳажми ўсишида кичик бизнеснинг ҳиссаси тобора ошиб бораяпти. Мазкур туманда ҳам хусусий сектор равнақига қаратилган қатор чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Пировардида ишбилармонларнинг истиқболли лойиҳалари рўёбга чиқарилиб, импорт ўрнини босувчи янги маҳсулот турлари ўзлаштирилаётир.

photo5415744591509957620.jpg

Ҳа, бугун тадбиркорнинг замони келди. Буни яхши ҳис қилган тадбиркорлар ўз бизнес ғояларини рўёбга чиқариш мақсадида кўплаб ишларни олиб бормоқда. “Ayubxon tekstil” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Дилшода Усмонова ҳам ана шулардан бири. Дастлаб бу ишга қўл урганда қийинчиликларга ҳам учради. Аммо тадбиркор аёлдаги шижоат, юртимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги катта ислоҳотлар унга далда бўлди. Бугун у асос солган корхона ўз тараққиёт йўлини танлаб олган тадбиркорлик субъектига айланган.

– Корхонамизда эркаклар учун кийим-кечак ва пайпоқ ишлаб чиқарилмоқда, – дейди жамият раҳбари Д.Усмонова. – Бу бинони ноль қийматда олиб, бир миллиард сўмдан ортиқ инвестиция киритдик. Айни кунларда 80 нафар хотин-қиз бу ерда меҳнат қилмоқда. Ҳозир асосан маҳсулотларимиз ички бозорда сотилмоқда, айни кунларда қўшни давлатларга экспорт қилишни ҳам режалаштираяпмиз.

Албатта, изланиш, янгиликка интилиш тадбиркорликнинг муҳим шарти. Эътибор ва рағбат эса бу борадаги саъй-ҳаракатларга қанот бағишлайди. Шу маънода, “Ayubxon tekstil” жамоаси кейинги йилларда республика ҳамда вилоят миқёсида ўтказилаётган танлов ва халқаро ярмаркаларда муваффақиятли қатнашиб, совринли ўринларни қўлга киритиб келаётгани жамоа кучига куч, ғайратига ғайрат қўшмоқда. Жорий йилда Президент соврини учун ўтказилган “Ташаббус” кўрик-танловининг вилоят босқичида мазкур жамият “Саноат соҳасида йилнинг энг яхши тадбиркори” йўналишида ғолиб бўлди.

Мухтасар айтганда, Данғара туманида инвестицияларни жалб этиш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш иқтисодиётимиз ривожи ва халқимиз фаровонлигига хизмат қилмоқда.

8 746
М.СУЛАЙМОНОВ, М.ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА