Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

22.09.2017 14:23 Чоп этиш версияси

Фарғона вилоятида 25 минг 745 гектар майдонда тўқсонбости усулида сабзавот экинлари экилмоқда

Президентимизнинг 2017 йил 21 августдаги “2018 йил ҳосили учун август пиёзи ва саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот экинларини жойлаштириш, экиш учун талаб этиладиган моддий-техника ресурсларини ўз муддатида етказиб бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган бу ишлар аҳолини сифатли ва арзон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилмоқда.

– Тўқсонбости усулининг афзаллиги шундаки, ерга қадалган уруғнинг униб чиқиши ва ривожланиши баҳоргига нибатан бир ойга тезлашади, ҳосилдорлик 20-22 фоиз юқори бўлади, – дейди Олтиариқ туманидаги “Нурли обод” фермер хўжалиги раҳбари, "Эл-юрт ҳурмати" ордени соҳиби Лолахон Муродова. – Бу усулда экин экиш ишлари одатда кузнинг биринчи ойидан бошланиб, ноябрнинг охири – декабрь ойининг бошларигача тугалланиши лозим. Такрорий экинлардан бўшаган далалар обдон шудгорланиши шарт, шундагина “тўқсонбости” экин уруғи ерга айтилганидай “ўрнашади”. Қолаверса, уруғ етарли чуқурликка тушсагина, қишнинг қаҳратон совуғидан омон қолади. Натижада баҳордагидан бирмунча эрта, кўкламда экиладиган сабзавотлардан камида 25-30 кун аввал униб чиқади.

Вилоятда ҳосили йиғиштириб олинган майдонларга тўқсонбости экинлари экиш ва улардан юқори ҳосил олишнинг аниқ режаси ишлаб чиқилган. Ҳар бир туманда бу мавсум экини учун алоҳида тайёргарлик кўрилди. Экиш учун талаб этиладиган минерал ўғит жамғарилди. Керакли ёқилғи-мойлаш материаллари билан таъминланиб, етарли уруғлик ҳозирланди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, август-сентябрь ойларида 8 минг 200 гектар, ноябрь-декабрь ойларида 17 минг 545 гектар майдонга тўқсонбости усулида сабзавот экилади. Хусусан, 15 минг 100 гектарга пиёз, 3 минг 345 гектарга саримсоқпиёз, 1 минг 300 гектарга сабзи, 275 гектарга лавлаги, 4 минг 150 гектарга кўкатлар, 1 минг 575 гектарга бошқа экинлар (гулкарам, кўкпиёз) экилади.

Тўқсонбости экинлари экиладиган 10 минг 446 фермер хўжалигида 100 отряд ташкил этилиб, уларга 464 ҳайдов, 370 текислагич ва 630 чопиқ трактори бириктирилди. 3 минг 640 тонна уруғлик туманлардаги уруғчилик хўжаликлари ҳамда агрофирмалар томонидан фермер хўжаликларига етказиб берилмоқда.

Бағдод туманидаги “Ҳамкор алоқа экспорт” агрофирмаси томонидан 45 тонна пиёз, 150 тонна саримсоқпиёз, 10 тонна кўкат, 5 тонна гулкарам уруғи Украинадан келтирилмоқда. Қува туманидаги “Қуббо мева-сабзавот” агрофирмаси томонидан эса 35 тонна пиёз, 450 тонна саримсоқпиёз уруғи юртимизнинг бошқа вилоятларидан келтирилиб, захира қилинаётир.

Ўз навбатида, уруғлик сотиб олиш бўйича шу кунгача агрофирмалар ва вилоятдаги 16 деҳқон бозори ўртасида 5,1 миллиард сўмлик шартнома имзоланди. Ўзаро келишувга кўра, унинг 25,5 тоннаси пиёз ҳамда 401 тоннаси саримсоқпиёздир.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
2 326






Все о погоде - Pogoda.uz