Фарғона туманида хорижлик инвестор ёрдамида янги соҳа фаолияти йўлга қўйилади
“Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси Фарғона тумани филиали ташаббуси билан Жанубий Кореянинг “Dae young medical” тиббиёт компанияси инвестицияси ҳисобидан тиббиётда фойдаланиладиган ўрик ва шафтоли данакларини қайта ишлаш корхонаси ташкил этилади.
“Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси Фарғона тумани филиали ташаббуси билан Жанубий Кореянинг “Dae young medical” тиббиёт компанияси инвестицияси ҳисобидан тиббиётда фойдаланиладиган ўрик ва шафтоли данакларини қайта ишлаш корхонаси ташкил этилади.
Ушбу компаниянинг Фарғона туманидаги фаолияти бўйича туман ҳокимилиги мутасаддилари “Dae young medical” тиббиёт компанияси раҳбари Лее Юн Коо билан музокара ўтказди. Музокара давомида сўнги йилларда юртимизда хорижий инвесторлар учун қулай тадбиркорлик муҳити яратиб берилаётганлиги, қишлоқ хўжалигида етиштирилаётган маҳсулотларнинг ўзи ҳам шифобахш хусусиятга эга эканлиги, тиббиёт корхонасининг фаолияти учун Фарғона тумани жуда қулай жой экани инвестор томонидан алоҳида таъкидланди.
Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш керакки, корхона томонидан икки босқичда фаолият ташкил этилади. Биринчи босқичда данак ва мағизларни қайта ишлаш фаолияти бўлиб, бу босқичда қарийб 2 млрд. сўм инвестиция жалб этилади ҳамда 50 та иш ўрни яратилади. Иккинчи босқич шарбат ва мурабболар ишлаб чиқариш ҳамда данак пўчоқларини қайта ишлаш жараёни бўлиб, ушбу босқичга ҳам 2 млрд. сўм жалб этилади ва яна қўшимча 50 та янги иш ўрни яратилади. Шунингдек, 2019 йилнинг ўзида 10 минг тонна данакни қайта ишлаш режалаштирилган.
Музокаралар давомида туман ҳокими Илҳомжон Носиров томонидан ушбу корхона фаолияти учун зарур бўладиган барча шарт-шароитларни яратиб беришга, тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантиришда кўмаклашишга тайёр эканликлари, бу учун барча имконият мавжуд эканлиги таъкидланди.
Шу куннинг ўзи тумандаги мутасадди раҳбарлар иштирокида корхона фаолияти учун жойлар ўрганилиб, Оқбилол ҳудудидан 3 га. ер ажратилишига келишиб олинди.
Исломжон Муҳаммаджонов