ЎзА Ўзбек

12.07.2018 20:26 Чоп этиш версияси

Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистонда

Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистонда Қаршида Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан “Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ҳамда кичик бизнес ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик механизмлари” мавзуида семинар-тренинг ўтказилди.

Давлат ва жамоат ташкилотлари, ЕТТБ вакиллари, тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда хусусий мулкдорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қиладиган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилгани таъкидланди.

Хусусан, давлат хизматлари кўрсатишнинг замонавий, интерактив усуллари жорий этилмоқда. Давлат билан ишбилармонлар ўртасида тизимли мулоқот йўлга қўйилиб, мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини оширишнинг муҳим омили сифатида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун ишончли ҳуқуқий кафолатлар яратилди.

Мамлакатимизда 2017 йил сентябрь ойидан миллий валютани эркин конвертация қилиш тизимига ўтилгани ҳам соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этди. Янги эркин иқтисодий зоналар ташкил этилиб, уларда сармоядорларга кенг имтиёзлар яратиб берилди.

– Президентимиз томонидан имзоланган тарихий ҳужжат – Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси мамлакатимизда тадбиркорлик соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий исботидир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Ж.Ўроқов. – Мамлакатимизда халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорлик ривожланмоқда. ЕТТБ билан шериклик алоқаларининг қайта йўлга қўйилгани бунга яққол мисол бўла олади. Мазкур банк Марказий Осиёдаги энг йирик институционал инвесторлардан бири бўлиб, минтақа мамлакатлари иқтисодиётининг қишлоқ хўжалиги, инфратузилмани ривожлантириш, хусусий сектор каби турли тармоқларига, жумладан, Ўзбекистонга ҳам йирик сармоялар киритиб келмоқда.

Тадбирда Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида 2,5 миллион евролик “Кичик бизнесга маслаҳат бериш" (Advice for small business) лойиҳаси амалга ошириб келинаётгани қайд этилди.

Ушбу дастур мамлакатимизда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари учун профессионал экспертлар томонидан малакали хизматлар кўрсатишни, маҳаллий корхоналарда илғор хориж тажрибасини жорий этиш орқали тадбиркорлик субъектларининг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини оширишни кўзда тутади.

Битим доирасида амалга ошириладиган қиймати 20 минг евродан ошмайдиган (маҳаллий экспертлар иштирокида бўлса) ва 60 минг евродан (хорижий экспертлар иштирокида бўлса) кичик лойиҳалар тадбиркорларнинг келгуси фаолиятига катта ҳисса қўшади.

Семинар давомида Қашқадарё вилоятида фаолият юритаётган кичик бизнес субъектлари ва хусусий тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.

Ўлмас Баротов, ЎзА
7 628