ЎзА Ўзбек

10.08.2020 Чоп этиш версияси

Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликни кенгайтириш истиқболи муҳокама қилинди

Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликни кенгайтириш истиқболи муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Европа тикланиш ва тараққиёт банки вице-президенти Алан Пиллоу билан видеоконференция шаклида музокара ўтказди.

Суҳбат давомида Ўзбекистон ҳукумати томонидан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш, шунингдек, глобал инқироз жараёнининг миллий иқтисодиёт ва мамлакат аҳолиси фаровонлигига салбий таъсирини камайтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Энергетика, уй-жой-коммунал хўжалиги, экология ва хусусий сектор соҳасидаги лойиҳалар атрофлича кўриб чиқилди. Томонлар давом этаётган лойиҳаларнинг амалга оширилишини янада тезлаштириш зарурлиги таъкидлаб, пандемиянинг республика иқтисодиётига салбий таъсирини бартараф этиш учун ўзаро ҳамкорлик истиқболли механизмлари ҳақида фикр алмашдилар.

ЕТТБ раҳбарияти томонидан Ўзбекистонда хусусий тадбиркорликни молиялаштиришни сезиларли даражада ошириш стратегик мақсад сифатида белгилангани маълум қилинди. Шу сабабли Ўзбекистон тижорат банкларига кичик ва ўрта бизнес лойиҳалари учун кредит линиялари шаклида қўшимча молиялаштиришни тақдим этиш бўйича келишувга эришилди.

photo_2020-08-10_17-17-58.jpg

Ўзбекистон банк ва энергетика соҳасидаги ислоҳотларни изчил амалга оширишда Банк билан ҳамкорликнинг аҳамияти қайд этилди. Шу нуқтаи назардан Республикамизнинг бир қатор тижорат банкларида давлат улушини хусусийлаштириш, энергетика соҳасидаги давлат-акциядорлик компаниялари корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш, шунингдек, нефть-газ саноатини ислоҳ қилиш билан боғлиқ долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Томонлар катта экспорт салоҳиятига эга бўлган Ўзбекистон иқтисодиётининг энг самарали тармоқларидан бири - тўқимачилик саноатидаги лойиҳаларни молиялаштириш истиқболини муҳокама қилдилар.

Шунингдек, ЕТТБнинг “Марказий Осиёда ишбилармон аёллар” махсус дастури орқали Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш учун молиялаштиришни жалб этиш имкониятлари таҳлил этилди.

Тадбир якунида иштирокчилар Ўзбекистон билан ЕТТБ ўртасидаги аниқ йўналишлар ва лойиҳалар бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олдилар.

photo_2020-08-10_17-17-59.jpg

6 030
ЎзА